Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Электротехника саноатида туб бурилиш: вилоят марказида яқинда қад ростлаган, Марказий Осиёда Ягона бўлган “LISTEM-FERGANA” масъулияти чекланган жамиятида тиббиёт соҳаси учун зарур бўлган 8 турдаги рентген асбоб-ускуналари тайёрланмоқда.
Жанубий Корея ҳамкорлигидаги мазкур қўшма корхонада 5 миллион АҚШ долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ерда йилига 500 донагача рентген жиҳозлари ишлаб чиқарилади. Йил якунига қадар 100 та ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган бўлиб, бугун 35 нафар фарғоналик бандлиги таъминланди.
Наврўзнинг шукуҳли кунларида янги қўшма корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев “LISTEM-FERGANA” қўшма корхонаси маҳсулотлари “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида эскпортга йўналтирилиши, саноатимиз ривожига катта ҳисса қўшиши билан аҳамиятли бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, ноёб ва инновацион саналган маҳсулотлар ички бозор талабини қондириш билан бир қаторда, экспортга ҳам чиқарилади.
– Бу нафақат аҳолини диагностика қилишда тиббий ёрдам сифати ва даражасини оширади, балки мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади, – дейди корхона ижрочи директори Орифжон Мадаминов. – Айни кунларда ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш ҳаракатидамиз. Тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли рентген аппаратлари билан таъминлаб, иш ўринларини янада кўпайтирамиз. Келажакда корхонамизда йиллик ишлаб чиқариш қувватини 900 донага етказиш салоҳияти мавжуд эканлигини эътироф этмоқчиман.
Хорижнинг энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган қўшма корхонада бугун лойиҳанинг кейинги босқичларини ҳаётга татбиқ этиш устида қизғин иш олиб борилаётир. Бу эса албатта, импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, ички ва ташқи бозорни арзон, юқори сифатли тиббий жиҳозлар билан тўлдиришга хизмат қилади.
Манба: “Фарғона ҳақиқати” газетаси сайти.