Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Ўзбекистон 02/08/2016 Фарғонада қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди
Фарғонада қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Фарғона вилоятида ташкил этилган амалий мулоқот “Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.

Унда партиянинг парламентдаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, тегишли ташкилотлар, жумладан, табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, ўрмон хўжалиги, экология ҳаракати, қишлоқ ва сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри, стандартлаштириш ва метрология бошқармалари, шунингдек бошқа мутасадди идоралар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар ва фермерлар, мутахассис ва экспертлар иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, айни пайтда мазкур қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан фракциялараро мунозаралар давом этмоқда. Бу ҳолат қонуннинг халқчиллигини янада мустаҳкамлаш баробарида қонунни қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан янада мукаммал бўлишига хизмат қилади.

Тадбирда соҳа экспертларининг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистон флорасини 4600 дан ортиқ ўсимлик турлари ташкил этади, улардан 3000 дан ортиғи ёввойи ҳолда ўсувчи олий ўсимлик турлари бўлиб, улардан 9 фоизи эса эндемик турларни ташкил этади. Ушбу ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларнинг умумий сонидан 324 таси эндемик, камёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур сифатида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Мамлакатимизнинг ўрмон фонди майдонлари деярли 9,625 млн. гектарни ташкил қилиб, шундан ўрмон билан қопланган майдонлар 3,3 млн. гектарни эгаллайди, ҳудудларнинг ўрмонлаштирилганлиги 7,5 фоизни ташкил этади. Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция мажбуриятларини бажариш доирасида камёб ва ноёб ўсимлик турларини сақлаб қолишга катта эътибор қаратилиб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик турларини экспорт ва импорт қилиш қоидалари белгиланди.

— Ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг тартибга солинишида ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши бир қатор масалаларнинг ўз ечимини топишида хизмат қилади, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Илҳом Носиров. –Хусусан, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш ва такрор етиштириш соҳасида давлат бошқарувининг асосий принциплари белгилаб қўйилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш ва такрор етиштириш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этишларини таъминлаш, ўсимлик дунёси объектларидан, шу жумладан, алоҳида тоифадаги ерларда жойлашган ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ва тартибини белгилаш ҳамда ер участкасидан фойдаланувчиларнинг кўкаламзорлаштириш ишларини олиб борилишини, шунингдек, ер участкасидан ва сув объектидан фойдаланувчиларнинг ўсимлик дунёси объектларини такрор етиштириш тадбирларини ўтказишларини белгилаш кабилар шулар жумласидандир.

Хулоса қилиб айтганда, O`zLiDeP Сайловолди платформасида белгиланган долзарб ҳаётий вазифаларидан келиб чиқиб, давлатимизнинг минтақада, бутун дунёда сиёсий, иқтисодий, экологик, гуманитар хавфсизликни сақлаш, айниқса, ўсимлик дунёси муҳофазаси ва ундан фойдаланиш масаласи борасидаги сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга мазкур соҳанинг ҳуқуқий асослари замон талабларига мослаштирилишидан манфаатдордир.

Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар, кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокама этилди, тадбир иштирокчилари, мутахассис ва экспертлар томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг