Валюта курслари 25/07/2025
$1 – 12653.48
UZS – -0.85%
€1 – 14871.64
UZS – -0.71%
₽1 – 159.75
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 24/07/2025 Фарғонада Германия меҳнат бозори учун мутахассислар тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил этилади

Фарғонада Германия меҳнат бозори учун мутахассислар тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғонада Германия меҳнат бозори учун малакали мутахассислар тайёрлаш маркази ташкил этилади Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “Simson Private Akademie” компанияси раҳбари Макс Роймшусселни қабул қилди.

Мулоқот чоғида жорий йил июль ойи бошида вилоят делегациясининг Германияга қилган амалий ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалий босқичига ўтиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида изчил ривожланаётган стратегик ҳамкорлик, ҳудудлар ўртасида алоқаларнинг фаоллашаётгани, хусусан, меҳнат миграцияси ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш йўналишларида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар алоҳида таъкидланди.

Делегациялар алмашинуви ва англашув меморандумлари ушбу алоқаларни янада мустаҳкамлаётгани қайд этилди. Учрашувда вилоятимизда тажриба сифатида немис модели асосида касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.

“Simson Private Akademie” касбий таълим муассасаси дастурлари асосида металлга ишлов бериш, электромеханика ва бошқа техник соҳалар бўйича жаҳон меҳнат бозори талабларига мос малакали мутахассислар тайёрлаш, халқаро ISO 9606 сертификатини бериш, шунингдек, уларни Германияда ишга жойлаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокими мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, фарғоналик ёшлар Германияда ишлашлари учун касбий тайёргарлик ҳамда тил ўрганиш имкониятлари яратилиши миграция соҳасида ҳамкорликнинг амалий самараси бўлишини таъкидлади.

Марказ очилишига қадар Фарғона давлат университети қошида ёшларни немис тилига ўқитиш ишлари йўлга қўйилади. Учрашув якунида лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг