Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) -- 2019 йил 1-3 март кунлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида идоралараро ишчи гуруҳи Фарғона вилояти шаҳарлари ва туманларининг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ўрганиш бўйича бир қатор тадбирлар ўтказди.
Хизмат сафари давомида хом-ашё базаси, саноат инфратузилмаси, фойдаланиш ва ишлатишга яроқли ер, бино ва иншоотларнинг мавжудлиги чуқур таҳлил қилинди. Бундан ташқари, маҳаллий ишбилармон доиралари вакиллари билан лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар ташкил этилди.
Хорижий сармояларни жалб қилиш орқали инвестиция фаолиятини жадаллаштириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудда иқтисодий шароитларни ривожлантириш учун истиқболли йўналишларда ғоя ва таклифлар ишлаб чиқилди.
Йиғилиш якунида келгусидаги ҳамкорлик шакли белгилаб олинди, шунингдек, тадбиркорларга ҳар томонлама ёрдам бериш учун муайян вазирликлар ва идораларнинг масъул ходимлари тайинланди.
Манба: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги телеграм канали.