Валюта курслари 05/12/2024
$1 – 12813.04
UZS – -0.1%
€1 – 13457.54
UZS – -0.27%
₽1 – 122.60
UZS – 1.34%
Қидириш
Иқтисод 04/12/2024 Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги меросини асраш ва ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди

Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги меросини асраш ва ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Кува туманида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) нинг “Ўзбекистоннинг жаҳон аҳамиятига эга бўлган қишлоқ хўжалиги меросларини глобал тизимда рўйхатдан ўтказиш” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг
бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Zamin халқаро жамоатчилик фонди билан биргаликда олиб борилган ушбу тадбирда фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари, шу билан бирга Фарғона вилоятининг бир қанча туманлари тадбиркорлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тренинг Фарғона вилоятининг ноёб қишлоқ хўжалиги биохилма-хиллиги ва қимматли маданий меросларини ўрганишнинг дастлабки
натижалари асосида ташкил этилган бўлиб, бу ерда кўплаб миллий меросларимизни акс эттирувчи ноёб қишлоқ хўжалиги тизимлари яратилган ва сақлаб қолинмоқда.

Тренинг қатнашчилари гуруҳларда ишлаш давомида миллий экспертлар раҳбарлигида ФАО методологияси асосида олдиндан тайёрланган сўровнома ва жадваллар ёрдамида ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги меросининг салоҳиятини таҳлил қилдилар ва унинг чегараларини аниқлаб олдилар, шунингдек, мазкур объектларга нисбатан қўйиладиган халқаро мезонларга мувофиқ ҳозирги кунгача тўпланган маълумотларни баҳоладилар.

Бундай мезонлар қаторига қишлоқ хўжалиги тизимларининг озиқ-овқат хавфсизлиги, бой ва ноёб агробиохилма-хиллик, анъанавий билим ва технологиялар, маданий қадриятлар, ер ва сув ресурсларини бошқаришнинг ўзига хос тизимлари билан боғлиқ ноёб манзаралар киради.

Тренинг иштирокчиларининг фикрича, Фарғона вилояти ресурсларни бошқариш ва улардан фойдаланишда тўпланган билим ҳамда тажрибаларнинг бойлиги маҳаллий фермерлар ва деҳқонларнинг мероси ва фахрига айланиб бормоқда. Бу меросни қўллаб-қувватлаш ва сақлаш билан бирга уни ривожлантириш жуда муҳимдир.

Тренинг давомида йиғилган маълумотлар, шунингдек, Фарғона вилоятининг қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва мероси ҳақидаги қўшимча маълумотлар, ушбу ҳудуднинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳамда иштирокчилар билдирган уларни ҳал қилиш йўллари Ўзбекистонда биринчи ГИАХС объектларини рўйхатга олиш учун асослар тайёрлашда қўлланилади.

Тадбир иштирокчиларининг фикрлари

Хуршиджон Аҳмедов, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, лойиҳанинг Фарғонадаги ишчи гуруҳи раҳбари:

— Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бизнинг ерларимиз ва уларда асрлар давомида яшаб келаётган аҳоли атроф-муҳит имкониятлари ва чекловларига мослашув амалиётларини ишлаб чиққан ҳамда авлоддан авлодга ўтказиб келинган катта тажрибага эга. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Марғилоннинг пиллачилик ва ипак тўқиш тизими, Олтиариқ туманидаги узумчиликнинг— «войиш» усулидаги токзорлар, ҳамда Кува туманидаги барқарор анорчилик шулар жумласидандир. Ушбу мерос маҳаллий, миллий ва глобал даражаларда барқарор ривожланиш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигига ишончим комил.

Мустурахон Сафиитдинова, Ўзбекистон анорчилар ассоциацияси раиси:

— Фарғона вилояти ҳақиқатан ҳам ноёб ҳудуд бўлиб, у турли зоналарга бўлинган: адирлар, шўрланган тупроқлар ва ерости сувлари яқин бўлган зоналар. Бу ҳудудда агробиохилма-хилликни қўллаб-қувватлаш имкониятларини яратади. Масалан, юқори зона анор етиштириш учун қулай, марказий зонада кўчат етиштиришда муваффақиятли тажриба мавжуд, қуйи зонада эса гулчилик яхши ривожланади. Айниқса, кўчат етиштириш юқори даромад келтирмоқда, ва биз ўтган йиллар давомида нафақат республикамизга, балки қўшни мамлакатлар ва Россияга гуллар ҳамда қулупнай экспорт қилмоқдамиз. Ҳозирда фермерларнинг 80% томчилатиб суғориш усулига ўтди. Бундан ташқари, олдимизда биопестицидлардан фойдаланишни кўпайтириш вазифаси ҳам турибди. Айтиш жоизки, машҳур қува анор навларини етиштириш барча босқичларда – етиштиришдан тортиб, қути тайёрлаш, маҳаллий бозорда сотиш ва тобора ошиб бораётган экспортгача – ўн учта иш ўрни яратади. Қўшимча қилиб айтганда, яқин вақт ичида Қува анори Озарбайжонда ҳам етиштирила бошланади. Шунинг учун бизнинг Ассоциация "Қува анори"ни географик номланган маҳсулот сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди.

Шерзод Суюрқулов, Фарғона вилояти асалчилик уюшмаси раиси:

— Янги технологиялардан фойдаланиш, сувни кам сарфлайдиган экинларни етиштириш муҳим. Сув танқислиги пайтида фермерлар томчилатиб суғориш учун 5 литрли идишлардан фойдаланади. Аммо аграр соҳага пестицидлар истеъмоли ортиши натижасида асаларилар ўлиб кетмоқда. Шунинг учун экинларни диверсификация қилиш ва ўсимликларнинг турларини кўпайтириш зарурдир.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг