Валюта курслари 25/07/2025
$1 – 12653.48
UZS – -0.85%
€1 – 14871.64
UZS – -0.71%
₽1 – 159.75
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 24/07/2025 Фарғона вилояти ҳокими хитойлик инвесторлар билан юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди

Фарғона вилояти ҳокими хитойлик инвесторлар билан юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вилоят делегациясининг Хитойга ташрифи самарали натижалар бермоқда Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “AVCiT technology holding” компанияси вице-президенти Йе Вейфей бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Жорий йилнинг апрель ойида вилоят делегацияси Хитойга қилган амалий ташрифи давомида бир қатор нуфузли компаниялар билан самарали келишувларга эришган эди.

Энди эса бу келишувлар асосида аниқ амалий ишлар бошланиб, вилоятимизда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Учрашув чоғида технопарк ташкил этиш, рақамлаштириш ва энергетика каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

“AVCiT” компанияси хавфсизлик тизимлари ва дастурий таъминот ишлаб чиқаришга ихтисослашган илғор технологик компания ҳисобланади. Мулоқот давомида вилоятимизда мазкур йўналишларда амалга оширилиши мўлжалланаётган таклиф ва лойиҳалар атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, “Guangzhou Victel Technology Co., Ltd” компанияси вакили алоқа соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашиб, махсус тармоқ орқали ишлайдиган кенг қамровли симсиз база станцияларини Фарғонада тажриба тариқасида ўрнатиш, шунингдек, технопарк қуриш лойиҳасини тақдим этди.

Вилоят ҳокими ушбу лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталиб, аввало уларни намунавий тарзда амалга ошириш, сўнгра кенг миқёсда жорий этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Шунингдек, тегишли масъуллар бириктирилиб, амалий чора-тадбирлар белгиланди. Учрашувда вилоят делегациясининг Хитойга сафари натижасида хитойлик инвесторлар томонидан Фарғонадаги инвестиция муҳитига қизиқиш ошиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, бир қатор хитой компаниялари махсус саноат зоналарида ўз лойиҳаларини амалга ошириш ниятида экани маълум қилинди. Айниқса, Хитой компанияларидан бири Фарғонада тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, дастлабки босқичда трансформаторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритишни режалаштирмоқда.

Вилоят раҳбари тақдим этилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, энг аввало замонавий ва илғор технологиялар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш муҳим мақсадлардан бири эканини алоҳида таъкидлади.

Якунда истиқболли лойиҳаларни қисқа фурсатларда амалга ошириш, ҳар бир ишлаб чиқариш фаолиятини аниқ режа асосида йўлга қўйиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг