Фарғона ва Шанло шаҳри ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона ва Шанло шаҳри ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Шанло шаҳри Хитой Коммунистик партияси шаҳар қўмитаси раиси Чжао Цзин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланаётганини таъкидлар экан, ҳудудлараро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини қайд этди. Ўзаро ташрифлар, инвестициявий ва саноат лойиҳалари орқали ҳамкорлик янги мазмун касб этиб, улкан имкониятлар эшигини очаётганини таъкидлади. - Фарғонага ҳам кўплаб хитойлик тадбиркорлар келмоқда. Уларнинг фаолият бошлашлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Ҳар бир инвесторга биз кўмакдошмиз, - деди вилоят ҳокими.
Шэньси провинцияси Шанло шаҳри Хитой Коммунистик партияси шаҳар қўмитаси раиси Чжао Цзин кўплаб инвесторлар Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқиш билдираётгани, бугунги кунда бунинг учун барча имкониятлар яратилаётганини алоҳида эътироф этди.
Кўплаб йўналишларда шанлолик ишбилармонлар инвестиция лойиҳаларини амалга ошириши мумкинлигини билдириб ўтди. Вилоят ҳокими ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга, инвесторлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ва ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашувда Фарғона шаҳри ва Шанло шаҳри ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Якунда ўзаро ишонч ва манфаатли алоқаларни ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар келишиб олинди. Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов ва Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров иштирок этди.