Фарғона маҳсулотлари Қувайт ва Уммонга экспорт қилинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Уммон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Ҳатамов ҳамда Қувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов Фарғонада амалий ташриф билан бўлиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларини ўргандилар. Уларга вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов ҳамроҳлик қилди.
Қувасой шаҳрида элчилар гилос етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. "UZ-SEGANG" МЧЖнинг замонавий интенсив гилос боғлари ва “Мирзоанвар экспорт” фермер хўжалигида бўлиб, Қувайт ва Уммон давлатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Риштон туманидаги “Kosto Line Holding” МЧЖ хорижий корхонасининг иш жараёнлари кўздан кечирилди. Шокиржон Аҳмаджонов раҳбарлигидаги “Мингбоши керамик” оилавий корхонасининг кулолчилик маҳсулотлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.