Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вилоят делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида Чунгчонгнам-до провинцияси Асан шаҳрида инвестиция ва савдо ваколатхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Чунгчонгнам-до провинцияси губернатори бошчилигидаги делегациянинг май ойида вилоятимизга ташрифи чоғида мазкур ваколатхонани очишга келишилганди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров инвестиция ва савдо ваколатхонасини ташкил этишда ёрдам берганларга ўз миннатдорлигини билдирди. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг узоқ йиллик ҳамкорларидан бири бўлиб, сўнгги йиллардаги муносабатлар анча истиқболли бўлаётганлигини қайд этди. Бу даврда икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо икки баробарга ошиб, бу кўрсаткич 7 млрд. долларни ташкил этганини таъкидлаб ўтди. Айниқса, ҳудудлараро муносабатларни мустаҳкамланиб бораётганлиги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини, бунда иқтисодий алоқалар муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётганлигини, мазкур инвестиция ва савдо ваколатхонаси Фарғона ва Чунгчонгнам-до ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайиши, катта имкониятлар эшигини очишига хизмат қилишини билдириб ўтди.
Sun Moon университети президенти Сон Же Мун, Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси вице-президенти Эдвард Ким ва бошқалар ҳам ўз табригини билдирди. Son Moon университети қошида ташкил этилган ваколатхонанинг рамзий лентаси қирқилиб, шароитлар билан танишилди. Бу ерда вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилган.
Мазкур ваколатхонанинг очилишидан мақсад икки ҳудуд тадбиркорлари учун янги имкониятлар яратиш, ҳамкорликни кенгайтириш, экспортни ривожлантириш ҳамда инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратишдан иборат.Тадбирда Асан шаҳридаги Фарғона - Чунгчонгнам-до инвестиция ва савдо ваколатхонаси ва Sun Moon университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.