Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 24/10/2022 ФАОнинг халқаро эксперти Ўзбекистонда «ақлли деҳқончилик»ни жорий этиш натижаларини баҳолади
ФАОнинг халқаро эксперти Ўзбекистонда «ақлли деҳқончилик»ни жорий этиш натижаларини баҳолади

Фарғона водийсидаги меҳнаткаш фермерларнинг иссиқхона соҳасида эришган натижалари БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) сабзавот етиштириш бўйича халқаро эксперти Леоне Малокетти Ломбида катта таассурот қолдирди. Шуни таъкидлаш керакки, уларнинг иссиқхоналари Ўзбекистон қишлоқлари аҳолисининг томорқаларида кўп учрайдиган иссиқхоналардан эмас. Улар ФАО ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” доирасида илмий ёндашув ва илғор технологиялар асосида модернизация қилинган. Лойиҳа 2021-йилда ишга туширилган бўлиб, иссиқхоналарда ҳосил етиштиришнинг янги усулларини жорий этади, бу эса, ҳосилдорликка ва шунга мос равишда олинадиган фойдага таъсир қилади. ФАОнинг хорижий эксперти Ўзбекистонда «ақлли фермерлик» қанчалик самарали амалга оширилаётганини баҳолаш учун 2022-йил октябр ойида бенефициарларнинг объектларига ташриф буюрди.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 20 та томорқа ер эгалари бенефициарлар ҳисобланади. Ўтган йил давомида ФАО кўмагида улар иссиқхона хўжалигини муваффақиятли бизнесга айлантира олди. Лойиҳа доирасида фермерларга иссиқхона учун махсус қопламалар, дезинфекцияловчи пол қопламалари ва қўш эшикли тизимлар, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашиш, ёритишни назорат қилиш, ўғитларни қўллаш, ўсимликларни чанглатиш ва сувни бошқаришнинг янги ва мукаммал усуллари тақдим этилди ва ўрнатилди. Бундан ташқари, лойиҳа давомида ФАО томонидан иссиқхона эгаларига хўжаликни янги усул ва технологиялар асосида юритишни ўргатиш мақсадида туркум тренинглар ташкил этилди.

«Лойиҳа жамоаси ва мен 20 нафар бенефициарнинг барчасига ташриф буюрдик ва ишонч билан айтишим мумкинки, лойиҳа Ўзбекистонда жуда самарали амалга оширилмоқда. Таққослаш учун айтаман, иссиқхонани модернизация қилиш бўйича таълим ва кўмак олган ФАО лойиҳаси бенефициари 206 килограмм ҳосил олишга эришган бўлса, иссиқхонада анъанавий усулда ҳосил етиштираётган қўшниси атиги 35 килограмм ҳосил олган. Уларнинг иссиқхоналари ҳажми жиҳатидан деярли бир хил, иккаласи ҳам сентябр ойининг охирида ҳосилни йиғишни бошлаган, аммо фойдадаги фарқ тахминан 500% ни ташкил қилди. Бундан ташқари, мен ресурслардан фойдаланишда яхшиланиш рўй бераётганини кўрмоқдаман — томчилатиб суғоришдан фойдаланиш бизнинг бенефициарларимизга сувни сезиларли даражада тежаш имконини беради», — деди ФАОнинг сабзавотчилик бўйича халқаро эксперти Леоне Малокетти Ломби ўз кузатишлари билан ўртоқлашар экан.

Фермерлар билан суҳбатдан сўнг, Леоне уларга pH/EC/Termo/Gigro ҳисоблагичлари каби воситалардан фойдаланиш, жумладан, калибрлаш ва ҳисобни юритиш, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимига техник хизмат кўрсатиш, қоплама материалларини тозалаш, зараркунанда тузоқларидан фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Кейинги такомиллаштириш йўналиши – товоқларда сифатли сабзавот кўчатларини етиштиришдир. Ушбу мавзу бўйича чет эллик мутахассис учта мақсадли йўналиш бўйича бенефициарлар ва бошқа манфаатдор томонлар учун тренинглар ўтказди.

Унда иштирокчилар 55 кишини ташкил этди. Ахир кўчатлар ишлаб чиқариш сабзавот бизнесининг барча турлари орасида энг интенсив тур ҳисобланади. Бундан ташқари, товоқ идишларга сабзавот уруғини экиш бутун дунё фермерлари орасида кенг тарқалган амалиётдир, чунки бу сифатли кўчат ва юқори ҳосил олиш имконини беради.

Леоненинг таъкидлашича, фермерлар нафақат ўзлари учун, балки тижорат мақсадларида ҳам кўчат етиштиришдан кўпроқ фойда олади. Натижада кўчат етиштиришга қизиққан 3 нафар истиқболли фермер лойиҳанинг бенефициарлари орасидан танлаб олинди. Улар кўчат етиштиришни йўлга қўйиш бўйича ФАО лойиҳасидан қўшимча ёрдам олади.

Яна бир муҳим масала қишда иссиқхонани иситишдир. Чекка ҳудудларда газ ва электр таъминотидаги узилишлар ҳисобга олинса, бу муаммо фермерлар учун долзарбдир. Айни пайтда қиш мавсумида янги сабзавотга бўлган талабни ҳисобга оладиган бўлсак, иссиқхонада сабзавотларни етиштириш барқарор даромад ва қўшимча фойдани кафолатлайди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, айни пайтда муқобил энергия манбаларини топиш ва уларни “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳасига татбиқ этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонга ташрифи чоғида у иситиш ускуналари етказиб берувчилар билан учрашувлар ўтказди. Энг оқилона ечим топиш мақсадида ҳамёнбоп иситиш тизимлари, уларнинг техник тафсилотлари, нархлари ва шартнома шартлари каби масалаларни муҳокама қилди.

Қувонарлиси, эндиликда яна 20 нафар фермер бенефициарлар қаторига қўшилган бўлиб, улар ҳам бундан буён ўз иссиқхоналарини модернизация қилишда лойиҳадан ҳар томонлама кўмак оладилар. Эндиликда жами бенефециарлар сони 40 нафарни ташкил этмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг