2023 йил 16 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Фарғонада халқаро эксперт Лучано Ровести иштирокида иссиқхоналарни бошқариш бўйича тренинг ўтказилди. Машғулотларда иссиқхона ишларини самарали олиб боришда муҳим омил бўлган иссиқхоналарда ўсимлик зараркунанда ва касалликларига қарши комплекс курашиш масалалари кўриб чиқилди. Тренинг ФАОнинг «Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Унда 50 га яқин киши, жумладан, Фарғона вилоятидаги Қишлоқ хўжалигида билим ва хизматлар AKIS маркази, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Фарғона Давлат университети ва Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг Андижон илмий-тажриба станцияси вакиллари иштирок этди.
Агрокимёвий моддалардан фойдаланиш бўйича мутахассис ҳисобланган Лучано Ровести тренинг иштирокчиларига зараркунандаларга қарши курашишнинг илғор хорижий тажрибаларга асосланган самарали усуллари ҳақида гапириб берди. Тренинг давомида таъкидланганидек, зараркунандаларга қарши комплекс курашиш ўсимликлар, ҳашаротлар, микроорганизмлар ва озуқа моддалари ўртасидаги ривожланиш цикллари ва мувозанатни тушунишга асосланган экинларни ҳимоя қилиш усулини англатади. Барқарор ишлаб чиқариш экинларнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлишини талаб қилади ва бунда атроф-муҳит ўз-ўзидан тикланиши имкониятига эга бўлиши керак. Бу ишлатиладиган сунъий ўғитлар миқдорини, пестицидларга қарамликни камайтириш ва ҳосилдорликни оширишнинг ягона йўли ҳисобланади. Иссиқхоналардаги бундай инновациялар истеъмолчилар охир-оқибатда кимёвий моддалардан холи, соғлом озиқ-овқат олишлари учун устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
«Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик» лойиҳаси доирасида халқаро экспертлар иштирокида тренинглар мунтазам ташкил этилмоқда. ФАОнинг ушбу глобал лойиҳаси 2021 йилда Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ масалалари вазирлигининг молиявий кўмагида бошланган ва Ўзбекистон ҳамда Вьетнамда амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда бажарилмоқда. Лойиҳа иссиқхоналарда экинларни етиштиришнинг янги усулларини жорий этади, бу ҳосилдорликка ва шунга мос равишда даромадга таъсир қилади.
Жумладан, лойиҳада иссиқхоналар учун янги қоплама материаллардан фойдаланиш таклиф этилади. Қалинлиги 180-200 микрон бўлган ўта пишиқ полиэтилен плёнкаларга ултрабинафша нурланишини ютади ва, энг муҳими, махсус қўшимчалар қўшилганлиги сабабли иссиқхонанинг ички юзасида томчилар шаклида конденсация ҳосил бўлишининг олдини олади. Иссиқхонани совутиш учун унинг юзасига анъанавий лой сепиш ўрнига соя берадиган тўрлар ишлатилади. Шунингдек, зараркунандаларга қарши курашиш учун ушбу ҳудудларда илгари ишлатилмаган тутқич ва чивин ўтказмайдиган тўрлардан фойдаланилмоқда. Улар иссиқхонада ҳаво айланишини ҳам яхшилайди. Бундан ташқари, вирус ҳамда бактерияларга қарши дезинфекцияловчи пол қопламалари ва қўш эшикли тизим ўрнатилиб, иссиқхона атрофидаги ерлар бегона ўтлардан тозаланмоқда.
Шу билан бирга, рақамли технологияларни жорий этишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шундай қилиб, лойиҳа доирасида Фарғона ва Андижон вилоятларидаги иккита хонадонда сенсорлар ва қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун дастурий таъминот синовдан ўтказилди. Иссиқхоналарга ўрнатилган қурилмалар тупроқ намлиги, қуёш радиацияси даражаси, намлик ва ҳаво ҳарорати учун сенсорлар билан жиҳозланган. Олинган маълумотларни фермерларнинг мобил қурилмаларида ўрнатилган дастурий таъминот ёрдамида кўриш мумкин бўлади, бу фермерларга ўз вақтида суғориш ва иссиқхоналарда микроиқлимни масофадан назорат қилиш имконини беради.
Бу ва бошқа усуллар иссиқхона хўжалигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. ФАО Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 40 та қишлоқ хонадонлари эгаларига ўз иссиқхоналарини юқоридаги усуллар бўйича модернизация қилиш ва мақбуллаштиришда кўмаклашган. Яқин келажакда лойиҳа бўйича мақбуллаштирилган иссиқхоналарга эга бўлган уй хўжаликлари сонини 60 тага етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, уй хўжаликларини юқори сифатли экиш материаллари билан таъминлаш учун иккита янги объект – намунавий ўқув-кўргазмали иссиқхона ва катта кўчатчилик иссиқхонасини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.