Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 10/08/2021 ФАО ва ШҲТ озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш масалалари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди
ФАО ва ШҲТ озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш масалалари бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

БМТнинг 2021 йилдаги Озиқ-овқат тизимлари бўйича саммитига тайёргарлик бўйича Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) виртуал шаклдаги мустақил мулоқоти бўлиб ўтди.

Тадбир ШҲТ котибияти, ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, ФАОнинг Россия Федерацияси билан алоқа бўйича ваколатхонаси, Москва Давлат озиқ-овқат маҳсулотлари университети ва Евроосиё халқлари Ассамблеяси томонидан ташкил этилди.

Маълумки, БМТ Бош котиби 2021 йилнинг кузида Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришиш бўйича Ўн йиллик ҳаракатлар доирасида Озиқ-овқат тизимлари бўйича саммит ташкил қилмоқда. Саммитнинг мақсади саъй-ҳаракатларни ўзаро бирлаштириш ва очликка барҳам бериш, янада инклюзив ва барқарор озиқ-овқат тизимларини яратиш ишларини жадаллаштиришдан иборат. Бу мақсадга тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлиш имкониятини таъминлаш, ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг барқарор  моделларига ўтиш, табиий ресурслардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалигининг инқироз ва зарбаларга чидамлилигини ошириш орқалигина эришиш мумкин.

Бўлиб ўтган мулоқот давомида ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари озиқ-овқат тизимларининг фаолияти ва ривожланиши, мамлакатлардаги бу билан боғлиқ  мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилдилар ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги энг илғор амалиётлар билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси, шунингдек, БМТнинг Озиқ-овқат тизимлари бўйича саммити арафасида миллий мулоқотларнинг ташкилотчиси бўлган Алишер Шукуров тадбирда Ўзбекистон томонидан иштирок этди. Алишер Шукуров ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади: "Ўзбекистонда ўтказилган миллий мулоқотлар, шу жумладан, вилоятларда ўтказилган субмиллий мулоқотлар мунозаралар, ҳамкорлик, консенсус яратиш ва умумий мажбуриятларни бажариш учун имкониятлар яратди. Ўзбекистон ШҲТ ва ФАО аъзолари билан ўз тажрибасини ўртоқлашишга тайёрлигини маълум қиламиз".

Тадбир натижаларига кўра иштирокчилар озиқ-овқат тизимлари ва уларни барқарор ислоҳ қилиш йўллари масалалари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг юқори салоҳиятини англаганлари ҳолда савдо, ички озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш, барқарор озиқ-овқат тизимлари ва бошқа масалаларда техник қўллаб-қувватлашни амалга ошириш бўйича ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини ўрганиб чиқдилар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг