Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 21/09/2022 ФАО ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий Комиссияси Ўзбекистондаги ўрмон майдонларини тиклаш бўйича кучларни бирлаштиради
ФАО ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий Комиссияси Ўзбекистондаги ўрмон майдонларини тиклаш бўйича кучларни бирлаштиради

20-21 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўрмон хўжалиги ва ёғоч материаллари қўшма бўлими Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда барқарор ландшафтларни тиклаш учун ўрмон хўжалиги секторини техник-иқтисодий асослаш” мавзусида Миллий мулоқоти ташкил этилди.

Мулоқотда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари, ФАО экспертлари, БМТнинг Европа Иқтисодий комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотлар мутахассислари иштирок этишди. Миллий ва халқаро экспертлар бир минбарда тўпланиб, ўрмон соҳасини ривожлантириш учун қулай сиёсий, ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш, мамлакатимизда ўрмон ландшафтларини тиклашни молиялаштириш механизмлари каби муҳим масалаларни муҳокама қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўрмонларни қайта тиклашга қаратилган жорий ва режалаштирилаётган миллий ва минтақавий лойиҳалар кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида 2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати Bonn Challenge (Бонн челленж) дастури доирасида 500 минг гектардан ортиқ деградацияга учраган ландшафтларни тиклаш мажбуриятини олгани қайд этилди. Bonn Challenge дунё бўйича 2020 йилгача 150 миллион гектар ва 2030 йилга келиб 350 миллион гектар деградацияга учраган ва ўрмонсизланган ерларни тиклаш бўйича глобал саъй-ҳаракатдир. Бугунги кунга қадар 61 та давлат ва 5 та уюшма Bonn Challenge дастурини қабул қилган. Шунингдек, Ўзбекистон Кавказ ва Марказий Осиё ландшафтларини тиклаш ва инфратузилмасини кўкаламзорлаштириш бўйича Стратегияни ишлаб чиқишда фаол иштирок этгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот иштирокчилари Ўзбекистоннинг давлат раҳбари ташаббуси билан 2021 йилдан буён амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидладилар. Мамлакатни кўкаламзорлаштириш бўйича ушбу кенг кўламли лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясига киритилган бўлиб, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш ҳисобига мамлакатимиз ўрмон қопламини кенгайтиришни назарда тутади. Уни амалга оширишда давлат муассасалари ва илмий жамоалар фаол иштирок этмоқда.

Ўтган Миллий мулоқот БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва ФАОнинг 2022-2025 йилларга мўлжалланган интеграциялашган иш дастури доирасида ташкил этилган. Тадбир иштирокчиларга тажриба алмашиш ва Ўзбекистон ўрмон хўжалиги соҳасида тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш имконини берди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг