Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 07/03/2022 ФАО уруғчилик бўйича ўқув курсини ўтказди
ФАО уруғчилик бўйича ўқув курсини ўтказди

2022 йил 2-3 март кунлари Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан уруғ етиштириш ва сифатини назорат қилиш мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Ўқув машғулотлари Глобал Экологик Жамғарма (ГЭФ) томонидан молиялаштирилган ФАОнинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш»

лойиҳаси (CACILM-2) доирасида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази ДУК, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази, шунингдек, уруғчилик билан боғлиқ бошқа манфаатдор ташкилотларнинг мутахассислари иштирок этди.

Уруғчилик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий омили бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, сотиш ва ташиш, шунингдек, нав ва уруғларни назорат қилиш билан боғлиқ фаолиятни қамраб олади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш ва сифатини оширишда генетик софлигини ва зараркунандаларга чидамлилигини сақлаб қолган ҳолда янги ва савдога қўйилган навларнинг уруғларини етиштириш муҳим аҳамиятга эга. 

«Қишлоқ хўжалигининг ушбу тармоғини янада такомиллаштиришда кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг билим ва малакасини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда уруғчиликда фаол иштирок этаётган хусусий сектор вакиллари билан тажриба алмашмоқчимиз. Ўтган тренингда биз иштирокчиларнинг бизнес режалаштириш, корхона бошқаруви, уруғлик маркетинги каби билимларини оширишга ҳаракат қилдик», - деб қайд этди лойиҳанинг миллий менежери Мухаммаджон Қосимов.

Халқаро уруғчилик саноати, биринчи навбатда, хусусий уруғчилик ширкатлари ва фермерлар уюшмаси, янги нав яратувчи селекциячилар, импортёрлар, экспортчилардан иборат. Хорижий тажриба кўрсатганидек, хусусий секторнинг ривожланиши ҳосилдорликни ошириш ва уруғчиликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Тренинглар давомида уруғчилик саноатини тартибга солувчи амалдаги миллий Қонунчилик ва халқаро нормалар ҳақида умумий маълумот тақдим этилди, шунингдек, ФАО томонидан уруғчилик соҳасидаги амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бундан ташқари, уруғлик сифатини таъминлаш тамойиллари, далада навларни апробация ўтказиш усуллари ва унинг уруғлик сифатини таъминлашда қўлланилиши, Халқаро уруғларни синаш уюшмаси (ISTA) стандартлари ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг