БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети билан "Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида нарх ва бозор маълумотларининг ахборот тизимини жорий этиш ва қиймат занжирларини мақсадли таҳлил қилиш" бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади. Вестминстер университети қошидаги Амалий тадқиқотлар маркази лойиҳани амалга оширишда иштирок этади.
Нарх ва бозор маълумотлари ахборот тизимлари (MIS) қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда, айниқса, кичик фермерлар ва озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар учун муҳим аҳамият касб этади. Ишончли бозор маълумотлари шаффофликни, рақобатбардошликни оширади ва маркетинг тизимларининг асосий иштирокчилари ўртасида даромадларни янада адолатли тақсимланишини таъминлайди, шунингдек, қиймат занжирининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшади. Бундан ташқари, MIS юзага келадиган озиқ-овқат муаммолари, шунингдек,нисбатан қисқа муддатли тақчиллик ёки узоқ муддатли таркибий муаммоларга боғлиқ бўлган соғлом овқатланиш имконияти ва қийматини ҳисоб-китоб қилиш йўли билан юзага келадиган озиқ-овқат муаммолари тўғрисида огоҳлантирувчи нархлар тенденциясини аниқлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга сезиларли даражада таъсир қилиши мумкин. MIS, шунингдек, ҳукуматларга қишлоқ хўжалиги соҳасида қарорлар қабул қилиш жараёнларида яхши қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ҳужжатни имзолаш маросимида ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ректори Баҳром Мирқосимов иштирок этди.
«Яқин ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ушбу шартнома бўйича биргаликдаги ҳаракатларимиз таъминот занжири ривожланишига ёрдам беради ҳамда нарх ва бозор ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайди. Бу эса, ўз навбатида, бир вақтнинг ўзида бир нечта барқарор ривожланиш мақсадларига, яъни, қашшоқликни бартараф этиш, очликни бартараф этиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва барча учун муносиб иш, шунингдек, оқилона истеъмол ва ишлаб чиқаришга эришишга ёрдам беради», - дейди Шерзод Умаров.
«Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ва ФАО ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Университетимиз ФАОнинг озиқ-овқат нархлари мониторинги ва таҳлили воситасини Ўзбекистонда жорий этишга кўмаклашиш имкониятига эга эканидан фахрланаман. ФАОга ушбу илмий-техник тадқиқотни амалга оширишда ёрдам бераётганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз», - дейди Баҳром Мирқосимов.
Минтақадаги кўплаб мамлакатлар қишлоқ хўжалиги соҳасини бозор тамойилларига ўтказмоқда. Бунинг натижасида бозор шароитлари миллий ишлаб чиқарувчиларнинг нархларига ва истеъмол нархларига, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишига таъсир қилмоқда. Бозорга йўналтирилган ушбу тенденция минтақада бозор интеграцияси ва савдони либераллаштириш кучайиб бораётганлиги сабабли давом этиши кутилмоқда.
Ўзаро ҳамкорликдан кутилаётган натижалари қуйидагилардан иборат:
• танлаб олинган устувор ишлаб чиқариш-сотиш қиймат занжирлари учун мавжуд нархлар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатиш бўйича мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш;
• Танлаб олинган устувор қиймат занжирлари учун товар бозорларини ривожлантириш ва бозор стратегиясини кузатиш, таҳлил қилиш, прогнозлаш бўйича мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш;
• Ҳақиқий маълумотлар асосида ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва стратегияни режалаштириш, турли таъсирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича миллий салоҳиятни кучайтириш.
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ҳақида
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети Ўзбекистондаги биринчи халқаро университет, шунингдек, ўз йўналишидаги халқаро олий таълим берувчи Марказий Осиёдаги илк университет ҳисобланади. Лондондаги Вестминстер университети томонидан тўлиқ тан олинган. Университетнинг вазифаси Марказий Осиё ва халқаро миқёсда жамиятларнинг интеллектуал, ижтимоий ва касбий ривожланишига ҳисса қўшадиган халқаро стандартларга мувофиқ талъим ва тадқиқот имкониятларини тақдим этишдан иборат.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳақида
1945 йилда ташкил этилган ФАО бугунги кунда 194 аъзо давлатни ўзига бирлаштиради ва 130 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади. ФАОнинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳолининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш имкониятларини таъминлашдан иборат. 2001 йилда Ўзбекистон ФАОга аъзо бўлган ва 2014 йилда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иш бошлади. Очликни йўқотиш учун ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигига ишонамиз.