Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 07/07/2021 ФАО Тошкент Давлат Аграр Университетига 400 миллион сўмлик жиҳозларни топширди
ФАО Тошкент Давлат Аграр Университетига 400 миллион сўмлик жиҳозларни топширди

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Тошкент Давлат Аграр Университетига тупроқ таҳлилларини амалга ошириш учун ишлатиладиган умумий суммаси 400 миллион сўмни ташкил этувчи лаборатория жиҳозларни топширди. Ушбу тадбир Ўзбекистонда ҳар йили 30 июнда кенг нишонланадиган Ёшлар кунига бағишланди. Унда ёшларнинг таълим олишига, илғор технология ва хориж тажрибасининг ўқув жараёнига жорий этилишига кўмаклашиш ФАО ва Тошкент Давлат Аграр Университети ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди.  

Жиҳозларни харид қилиш ва топшириш «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» минтақавий лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Тўплам фотометр, гигрометр, маълумотларни сақлаш учун планшет, GPS жиҳозлари, тупроқнинг зичлиги ва намлигини ўлчовчи асбоблар, pH-метр, тупроқнинг шўрланиш даражасини ўлчаш мосламаси ва бошқаларни ўз ичига олади. Университет илмий ходимлари уларнинг ёрдамида ўқув ва илмий  мақсадлар учун тупроқлар таҳлилини амалга оширадилар.

Хусусан, тупроқшунослик, агрохимия ва агрономия йўналишлари бўйича таълим олаётган талабалар дала ва лаборатория шароитида тупроқ таҳлилини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари билан амалиётда танишиш ҳамда янги жиҳозлардан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, олинган натижалар илмий-тадқиқот ишларида ҳам ўз аксини топади.

«Айни вақтда ер ресурсларини барқарор бошқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаларини ўз вақтида ва сифатли баҳолаш, ҳамда қишлоқ хўжалиги  ерларининг ҳолатини янада яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда. Замонавий жиҳозларнинг тупроқ лабораториясида қўлланилиши амалга ошириладиган таҳлиллар сифатини яхшилайди ва бунинг учун сарфланадиган вақтни қисқартиради», - дея таъкидлади лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

ФАО нинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров Тошкент Давлат Аграр Университети билан ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлаб, топширилаётган жиҳозлар фақатгина ўқув жараёнини амалга оширишда ёрдам бериб қолмасдан, илмий изланишлар олиб бориш ва қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этишга ҳам асос бўлишига умид билдирди.

Қабул қилувчи томондан иштирок этган Тошкент Давлат Аграр Университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов олий таълим муассасасида ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун янги ечимларни топишга катта қизиқиш ва интилиш мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда университет ва ФАО ўртасидаги ҳамкорлик 2001 йилда Ўзбекистоннинг  ФАО га аъзо бўлганидан буён ривожланиб келаётганлиги ва 2014 йилда Ўзбекистонда ФАО Ваколатхонасининг очилишидан сўнг бу жараён  янада жадаллашгани қайд этиб ўтилди. Шу вақт давомида Ўзбекистонда агросаноат соҳаси учун илғор хориж тажрибаси асосида юқори малакали ходимларни тайёрлашга қаратилган кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг