Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 25/07/2022 ФАО қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари учун тренинглар ўтказди
ФАО қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари учун тренинглар ўтказди

Тренер бўлиш ҳар ким ҳам қила олмайдиган ўзига хос санъат. Зеро, касбий билим билан бир қаторда тингловчилар билан алоқа ўрнатиш, талабаларни қизиқтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини тўғри йўналтиришга ҳаракат қилиш ҳам бирдек муҳим. Айниқса, ўқув машғулотлари қишлоқ хўжалигига тегишли бўлса, бугунги кунда замон билан ҳамнафас бўлиш, янги технологиялар ва илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш зарур. Cоҳада билимларни самарали усулда тарқатиш муҳим аҳамият касб этади, чунки Ўзбекистон аҳолисининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалигида банд ва у мамлакат аҳолисининг катта қисми учун асосий даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси учун профессионал тренерларни тайёрлаш мақсадида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан 18-21 июль кунлари Тошкент вилоятида “Тренерлар учун тренинг” ташкил этилди, унда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, жумладан, соҳа олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари иштирок этдилар. Ўқув машғулотлар ФАО ва Глобал Экологик Жамғарманинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

«Мақсадимиз ёш олимлар, тадқиқотчилар ва ўқитувчилардан яхши мураббийлар тайёрлаш учун уларнинг салоҳиятини оширишдир. Биз иштирокчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тренинглар ўтказиш, мақсадли аудитория билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари билан таништирдик, шунингдек, норасмий таълим тамойиллари ва усулларини ўзлаштиришларига ёрдам бердик», - дея таъкидлади CACILM-2 лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Тренинг давомида иштирокчилар ўқитишнинг интерфаол усулларини ўргандилар, тренингларга тайёргарлик кўришнинг турли усулларини кўриб чиқдилар, расмий ва норасмий таълим ўртасидаги фарқни муҳокама қилдилар. Машғулотлар назарий ва амалий қисмлардан иборат бўлиб, унда иштирокчилар нотиқлик маҳорати ва бошқа ўзлаштирилган усулларни машқ қилдилар. Тренинг натижасида иштирокчилар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг эҳтиёжларини мустақил аниқлаш, мураббийлик ёндашувидан фойдаланган ҳолда махсус ўқув модулларини ишлаб чиқиш ва ташкил этишни ўргандилар.

Таъкидлаш жоизки, семинар-тренинглар ўтказиш CACILM-2 минтақавий лойиҳасининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлиб, улардан кутилаётган натижаларидан бири шўрланиш ва қурғоқчиликни камайтиришга қаратилган ёндашув ва технологияларни кенг жорий этиш бўйича манфаатдор томонларнинг малакасини оширишни ўз ичига олади. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, 22 июль куни лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида ердан фойдаланиш масалаларига бағишланган навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари вакилларининг ер муносабатлари, ерга эгалик қилиш ва бошқариш масалалари бўйича билимларини ошириш мақсадида ўтказилди. Тренингда қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистонда ердан фойдаланишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари, ер тузишнинг ташкилий тузилмаси, ерга эгалик қилиш шакллари, шунингдек, ердан фойдаланишнинг тупроқ унумдорлигига таъсири каби мавзуларда маърузалар ва тақдимотлар тингланди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг