Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) мамлакатда тугунли дерматит хавфи келиб чиқишига қарши курашиш мақсадида Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказига лаборатория асбоблари ва реагентларни топширди. Ушбу кўмак ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий ваколатхонаси томонидан амалга оширилаётган "Марказий Осиёда қорамолларнинг нодуляр дерматитига минтақавий тайёргарликни кучайтириш" лойиҳаси доирасида кўрсатилди.
«ФАО томонидан тақдим этилган ёрдам туфайли биз энди ҳайвонлар касалликларини тезроқ ва самаралироқ аниқлай оламиз. Бундан буён моддий-техника базаси мустаҳкамлангани туфайли вақтни тежайдиган ва юқорироқ аниқлик берадиган Полимераза занжири реакцияси (ПЗР) усули асосида диагностика ўтказиш имконига эга бўлдик. Таъкидлаш жоизки, илгари ФАО лойиҳаси доирасида марказимиз ходимлари нодуляр дерматитга қарши курашга бағишланган турли тренингларда ҳам малака оширишган», - деди Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази директори Баҳриддин Тангяриков.
Нодуляр дерматит – бу ҳашаротлар томонидан ташиладиган йирик шохли қорамоллар чечак вируси. Бу касаллик инсон саломатлиги учун хавф туғдирмайди, лекин сут маҳсулдорлиги ва ҳайвонларнинг тана вазнининг пасайиши туфайли чорвачиликка катта иқтисодий зарар етказиши мумкин. Илгари касаллик фақат Африкада топилган, аммо сўнгги ўн йил ичида у бутун Яқин Шарққа тарқалди, шунингдек, Туркия, Болқон, Кавказ, Россия Федерацияси ва Қозоғистонга таъсир кўрсатди. Буларнинг барчаси қўшни мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳам касаллик хавфини сезиларли даражада оширди. Масалан, касаллик ҳолатлари қайд этилган Қозоғистон билан чегарадош Қирғизистон ва Ўзбекистон аллақачон профилактика чораларини кўришга киришган.
ФАО мамлакатларга тугунли дерматит ва бошқа трансчегаравий ҳайвон касалликларига қарши курашишда ёрдам бериш бўйича катта тажрибага эга. ФАОнинг "Марказий Осиёда қорамолларнинг нодуляр дерматитига минтақавий тайёргарликни кучайтириш" лойиҳаси Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда амалга оширилмоқда ва ушбу мамлакатларда касаллик тарқалишининг олдини олиш ва агар у аниқланса, самарали жавобни таъминлашга қаратилган. Хусусан, лойиҳа доирасида нодуляр дерматит аниқланган тақдирда фавқулодда вазиятлар бўйича миллий режалар, эпидемиологик кузатув стратегияси ва эмлаш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бундан ташқари, лойиҳанинг амалга оширилиши, даромади бевосита чорвачиликка боғлиқ бўлган майда фермерлардаги зарарларни олдини олиш имконини беради.