Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 06/05/2023 ФАО Ўзбекистонда нодуляр дерматит диагностикаси бўйича илғор тажрибаларни жорий этмоқда
ФАО Ўзбекистонда нодуляр дерматит диагностикаси бўйича илғор тажрибаларни жорий этмоқда

2023 йил 1-5 май кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази билан биргаликда Тошкентда нодуляр дерматитнинг лаборатория диагностикаси бўйича тренинглар ўтказди. Машғулотлар халқаро эксперт Игорь Джаджовский томонидан мамлакатнинг турли ҳудудларидаги ветеринария диагностика лабораториялари ходимлари учун ўтказилди. Тренинглар ФАОнинг «Марказий Осиёда қорамолларнинг нодуляр дерматитига минтақавий тайёргарликни кучайтириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди. 

Нодуляр дерматит – бу ҳашаротлар томонидан ташиладиган йирик шохли қорамоллар чечак вируси. Бу касаллик инсон саломатлиги учун хавф туғдирмайди, лекин сут маҳсулдорлиги ва ҳайвонларнинг тана вазнининг пасайиши туфайли чорвачиликка катта иқтисодий зарар етказиши мумкин. Илгари касаллик фақат Африкада топилган, аммо сўнгги ўн йил ичида у бутун Яқин Шарққа тарқалди, шунингдек, Туркия, Болқон, Кавказ, Россия Федерацияси ва Қозоғистонга таъсир кўрсатди. Буларнинг барчаси қўшни мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳам касаллик хавфини сезиларли даражада оширди. Масалан, касаллик ҳолатлари қайд этилган Қозоғистон билан чегарадош Қирғизистон ва Ўзбекистон аллақачон профилактика чораларини кўришга киришган.

ФАО мамлакатларга нодуляр дерматит ва бошқа трансчегаравий ҳайвон касалликларига қарши курашишда ёрдам бериш бўйича катта тажрибага эга. ФАОнинг «Марказий Осиёда қорамолларнинг нодуляр дерматитига минтақавий тайёргарликни кучайтириш» лойиҳаси Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда амалга оширилмоқда ва ушбу мамлакатларда касаллик тарқалишининг олдини олиш ва агар у аниқланса, самарали жавобни таъминлашга қаратилган. Бундан ташқари, лойиҳанинг амалга оширилиши, даромади бевосита чорвачиликка боғлиқ бўлган майда фермерлардаги зарарларни олдини олиш имконини беради.

Тошкентда ўтказилган беш кунлик машғулотлар назарий қисм ва амалий машғулотларни ўз ичига олган. Олинган билим ва кўникмалар маҳаллий мутахассисларга юқори аниқликни кафолатлайдиган илғор усуллар асосида ҳайвонлар касалликларини анча тез ва самарали ташхислаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида лойиҳа доирасида ФАО томонидан мамлакатда нодуляр дерматит хавфи келиб чиқишига қарши курашиш мақсадида Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказига лаборатория асбоблари ва реагентлар топширилган эди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг