Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Иқтисод 14/03/2023 ФАО Ўзбекистонда гилос етиштиришнинг «яшил» усулларини ривожлантиради
ФАО Ўзбекистонда гилос етиштиришнинг «яшил» усулларини ривожлантиради

13 март куни Тошкентда ФАОнинг алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг «яшил» усулларини ривожлантириш бўйича «Бир мамлакат – битта устувор маҳсулот" (One Country – One Priority Product - OCOP) Глобал ҳаракатлар дастурини амалга ошириш доирасида «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни яхшилаш учун инновацион ёндашувлар» лойиҳасининг кириш семинари бўлиб ўтди.

Тадбирда миллий ва халқаро экспертлар иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритдилар.

Айтиш жоизки, 2022 йилнинг ноябрь ойида Римда ФАОнинг «Бир мамлакат – битта устувор маҳсулот» Глобал Ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича мамлакат лойиҳалари расмий равишда

ишга туширилган эди. Асосий мақсад барқарор озиқ-овқат қиймати занжирларини яратиш, оилавий ҳамда майда фермер хўжаликларини даромад олиш ва турмуш даражасини яхшилаш бўйича қўллаб-қувватлаш, кимёвий воситалар ва табиий ресурслардан фойдаланишни минималлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотларини йўқотилиши ва чиқиндига чиқишини камайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирларни чеклашдан иборат.

Биринчи босқичга 70 дан ортиқ талабгор мамлакатлардан OCOP лойиҳаларини амалга ошириш учун бешта давлат аниқланди. Улар орасида Европа ва Марказий Осиё минтақаси вакили бўлган Ўзбекистон ҳам гилос етиштиришни ривожлантирмоқда. Лойиҳа 2023 йил охиригача якунланиши лозим. Ушбу бешта OCOP лойиҳаларини амалга ошириш учун танлаб олинган давлатлар алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда тўпланган ўзларининг тажрибалари, инновациялари ва технологиялари билан ўртоқлашадилар. Алоҳида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари деганда маҳаллий миқёсда яхши маълум бўлган, кенг тарқалган ёки кам фойдаланиладиган ҳамда айни пайтда миллий, минтақавий ва халқаро бозорларда илгари суриш имкониятига эга бўлган маҳсулотлар тушунилади. 

«Ўзбекистонда йилига ўртача 180 минг тоннагача гилос етиштирилади. Агроэкологик шароитлар бутун мамлакат бўйлаб кичик фермерларга кимёвий моддалардан минимал даражада фойдаланган ҳолда гилос етиштириш имконини беради. Бундан ташқари, гилос кўп тармоқли ва барқарор деҳқончилик тизимини, шунингдек, агроўрмончилик ва ўрмон яйловчилигини ривожлантириш имконини ҳам беради. Шундай қилиб, гилос яшил ва инклюзив ривожланиш бўйича катта салоҳиятга эга», — деди

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.

Семинарда сўзга чиққанлар кичик фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича OCOP ни жорий этишнинг аҳамияти ҳақида тўхталишди.

OCOP нинг ўзига хос бизнес модели кичик уй хўжаликларига озиқ-овқат маҳсулотларини барқарор кўпайтириш, шу орқали даромадларни ошириш ва пировардида уларнинг турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашишга қаратилган. Тадбир давомида Ўзбекистонда лойиҳани амалга ошириш доирасидаги асосий тадбирлар ва кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

Тадбирнинг якуний қисмида Ўсимликшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш (NSP) бўлими директори Ся Цзинъюан «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, экспертлар ва бошқа юқори мартабали шахслар Ўзбекистонда OCOPни жорий этишни қатъий қўллаб-қувватлаб, гилос қиймат занжирининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун яшил технологияларни илгари суриш бўйича кейинги қадамларни белгилаб берганидан жуда мамнунман. Сизни ишонтириб айтаманки, лойиҳанинг кириш семинари мақсадларига тўлиқ эришилди ва мен OCOP миллий ишчи гуруҳи аъзоларига ва ўзбекистонлик барча ҳамкасбларга ўтган семинарда намойиш этилган яхши ташкилотчилик ва профессионаллик учун самимий миннатдорлик билдираман», - деб таъкидлади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг