Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 04/04/2023 ФАО Ўзбекистонда ер деградациясининг нейтраллигини сақлашга ҳисса қўшади
ФАО Ўзбекистонда ер деградациясининг нейтраллигини сақлашга ҳисса қўшади

2023 йил 4 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан амалга оширилиши бошланган (ФАО) «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш» янги лойиҳасининг Мувофиқлаштирувчи қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳа мамлакатнинг ер деградациясининг нейтрал мувозанати бўйича мажбуриятларини бажариш мақсадида Ўзбекистонда ер ва ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш ва ландшафтларни тиклаш бўйича илғор тажрибаларни жорий этади. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Табиий ресурслар вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги лойиҳанинг миллий ҳамкорлари ҳисобланадилар.

Тадбирда таъкидланганидек, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2022 йил 10 июндаги «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорларини амалга оширишга ҳисса қўшади. Шу билан бирга, лойиҳа республикада чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш учун 2024-2028 йилларга мўлжалланган Йўл харитасини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди.

Ер ва яйловларнинг таназзулга учраши, эрозияланиши, қум ва чанг бўронлари, ўрмонларнинг йўқолиши, тупроқларнинг шўрланиши нафақат табиий-иқлим омиллари, балки хўжалик фаолияти – агротехник тадбирларни нотўғри ўтказиш, чорва молларини ҳаддан ташқари боқиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик натижасида ҳам содир бўлмоқда. ФАОнинг ушбу лойиҳаси ҳосилдорликни ошириш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш учун ер ва ўрмон ресурсларини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий этади, бу эса ер деградациясининг нейтрал мувозанатини сақлашга имкон беради. БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясида бу «экотизим функциялари ва хизматларини сақлаб қолиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун зарур бўлган ер ресурслари ҳажми ва миқдори барқарор бўлиб қоладиган ёки аниқ белгиланган вақт ва фазовий ўлчовлар ва экотизимларда кўпаядиган ҳолат», деб таърифланади .

Чўлланишга қарши кураш чораларини талаб қиладиган Ўзбекистон ҳудуди 20 миллион гектардан ошади. Бутун мамлакат бўйлаб ерларнинг деградацияси кузатилмоқда, аммо Бухоро ва Навоий вилоятларининг туманлари ҳамда Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзаларининг пасттекисликлари бу жараёнлардан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар ҳисобланади.

 “Лойиҳа 5 йил ичида амалга оширилади. Бухоро вилоятининг Жондор ва Навоий вилоятининг Нурота туманлари ландшафтлари лойиҳа ҳудуди сифатида танлаб олинган бўлиб, бу ҳудудларда ердан фойдаланишнинг комплекс режаларини жорий этиш, фермерларнинг салоҳияти, билим ва кўникмаларини ошириш, ердан фойдаланишни мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу билан бирга, яйловлардан фойдаланиш шароитларини яхшилашда гендер мувозанатини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ерлар деградациясининг миллий кўрсаткичларини яхшилаш, шунингдек, жаҳон миқёсида тан олинган кўрсаткичларни миллий даражага уйғунлаштиришга катта эътибор қаратилади. Бундан ташқари, биз ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришиш учун соҳада ресурсларни сафарбар қилишга кўмаклашамиз”, - деб таъкидлади “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳасининг Бош техник маслаҳатчиси Нариман Нишонов.

Йиғилиш давомида лойиҳанинг мақсад ва вазифалари тақдим қилинди, бажарилган ишлар бўйича лойиҳанинг ярим йиллик ҳисоботи тасдиқланди, 2023 йил учун иш режаси ва бюджет кўриб чиқилди ва тасдиқланди, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш стратегияси ва кейинги босқичлари муҳокама қилинди.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг