Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда бруцеллёзга қарши кураш бўйича тренинг ташкил этилди. Унда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) бруцеллёз бўйича халқаро эксперти, доктор Хосе Бласко нутқ сўзлади. Тренингда 50 нафарга яқин қатнашчи, шу жумладан, эпидемиологлар, лаборатория ходимлари ва Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг илмий ходимлари ҳамда Самарқанд ветеринария медецинаси институтининг профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.
Тадбир ФАОнинг «Марказий Осиёда ҳайвонларнинг долзарб касалликлари бўйича тармоқ яратиш» техник ҳамкорлик дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, унда бешта қабул қилувчи мамлакат - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда ҳайвонларнинг долзарб касалликлари бўйича минтақавий тармоқни яратиш мақсад қилинган. Мазкур тармоқни яратишда бруцеллёз касаллигининг ҳайвонлар касалликлари орасида биринчи бўлиб танланишининг сабаби, бу касалликка қарши кураш Марказий Осиё мамлакатларининг барчасида муҳим ўринни эгаллайди, бундан ташқари бруцеллёз аҳолининг энг камбағал қатламларига сезиларли ижтимоий-иқтисодий таъсир кўрсатиши билан ҳам муҳим.
Ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича минтақавий тармоқ доирасида ахборот ва тажриба алмашиш, лаборатория, дала, профилактика / назорат, операция, алоқа ва бошқа амалиётларни стандартлаштириш, бўшлиқлар, камчиликлар ва устувор йўналишларни аниқлаш, шунингдек, таълим ва салоҳиятни ошириш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Ҳайвонлар саломатлиги инсон саломатлиги ва соғлом атроф-муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Одамлар, атроф-муҳит ва ҳайвонларнинг яшаш муҳити ўртасидаги муносабатлар айниқса ривожланаётган минтақаларда жуда яқин. Чорва маҳсулдорлигининг ўзгариши янги патогенларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ривожланиши ва ҳайвонлардан одамларга глобал миқёсда тарқалишига олиб келиши мумкин. ФАО ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш чорвачиликнинг барқарорлигини таъминлашнинг асосий шарти деб ҳисоблайди.
«Касалликлар тарқалишининг ўзгарувчан шароитлари билан боғлиқ мураккаб муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс ёндашув талаб қилинади – «ҳамма учун битта соғлик». Бундай ёндашувда агроэкологик қаршилик, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат занжирлари хавфсизлигига кўпроқ эътибор қаратилади», - дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.
Тренинг давомида доктор Хосе Бласко «Кичик кавш қайтарувчи ҳайвонлар ва қорамолларда бруцеллёзни назорат қилиш дастурининг шарҳи: Испания тажрибаси» ҳамда «Кавш қайтарувчи уй ҳайвонлари орасида бруцеллёзга қарши курашиш ва уни бартараф этишнинг техник жиҳатлари: жиҳозлар ва стратегия» мавзулари бўйича презентацияларни намойиш қилди. Шунингдек, ФАО эксперти ўзининг Ўзбекистондаги ташрифи давомида конъюнктив усулда эмлашни амалиётда намойиш қилиш учун Тошкент вилоятидаги кичик кавш қайтарувчи ҳайвонлар ва қорамолларни парвариш қилишга ихтисослашган хўжаликларга ҳам ташриф буюрди.