Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Шоли экинларини етиштириш ва бошқаришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бўйича кириш семинари бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар лойиҳанинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот беришди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ҳукумати шоли етиштиришни кўпайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификациялашга, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва шу билан бирга қишлоқ жойларда даромадларни кўпайтириш ва турмуш шароитларини яхшилашга устувор эътибор қаратмоқда.
ФАОнинг мазкур лойиҳасини амалга ошириш 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Лойиҳа мамлакат шоличилик соҳасини ривожлантириш, қўшимча қиймат занжирини яхшилаш ва, ўз навбатида, ички истеъмол учун мамлакатда етиштирилган шолини кўпроқ қайта ишлаш ҳамда экспортни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
«Лойиҳа такомиллаштирилган ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш орқали Ўзбекистонда барқарор шоли етиштиришни таъминлашга хизмат қилади. Ушбу лойиҳа шоликор фермерлар ва миллий мутахассисларнинг шоли етиштиришни кўпайтириш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга имкон беради. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Шоличилик илмий-тадқиқот институти ходимлари ва фермерларга такомиллаштирилган ишлаб чиқариш усулларини ўргатиш уларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий шароитда шоли етиштириш ҳажмларининг ўсишини таъминлайди», - дея таъкидлади ФАОнинг техник эксперти Вилиами Факава.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан, иккинчи мақсад "Очликни бартараф этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва овқатланишни яхшилаш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш”, шунингдек, қишлоқ хўжалигида аёл-фермерлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш орқали бешинчи мақсад “Гендер тенглиги”га эришишга ҳисса қўшади.