Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Иқтисод 09/10/2023 ФАО Оролбўйи аёллари ва ёшлари учун янги даромад манбаларини очмоқда
ФАО Оролбўйи аёллари ва ёшлари учун янги даромад манбаларини очмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қорақалпоғистоннинг Кегейли ва Қораўзак туманларида қишлоқ жойларда муқобил даромад манбаи сифатида хотин-қизлар ва ёшларга тикувчилик, каштачилик ва халқ ҳунармандчилигини ўргатиш бўйича икки кунлик тренинглар ташкил этди. Тренингларда жами 90 га яқин аёллар иштирок этди ва улардан 30 нафарига ФАО томонидан совға сифатида тикув машиналари берилди. Бу даромадни ошириш учун муҳим восита бўлиб, улар ёрдамида олинган билим ва кўникмалардан фойдаланган ҳолда янги санъат намуналарини, шу жумладан, машҳур Қорақалпоқ миллий каштаси билан кийим-кечаклар тикиш мумкин. 

Тренинглар ФАО томонидан БМТнинг Тараққиёт Дастури ва БМТнинг Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Оролбўйи ҳудудини яшил ва инновацион ривожлантириш орқали ёшларнинг ёрқин келажак сари ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди томонидан молиялаштирилади. Биргаликда ҳаракат қилишдан мақсад инновациялар ва яшил ривожланиш асосида маҳаллий ҳамжамиятлар бандлиги учун янада яхши имкониятларни яратиш ва уларнинг Орол денгизи инқирози оқибатларига мослашиш салоҳиятини оширишдан иборат. 

"Бизнинг фикримизча, аҳолининг заиф қатламларини, айниқса, аёлларни қўллаб–қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш жуда муҳимдир. Зеро, Оролбўйи минтақасининг иқлим ўзгариши ва табиий ресурслар деградациясининг салбий таъсирига кўпроқ мойиллиги барчага маълум. Бугунги кунга қадар биз аёлларнинг муқобил даромад манбалари бўйича салоҳиятини ошириш бўйича тренинглар ўтказдик ва келажакда сув тежайдиган технологиялар, барқарор қишлоқ хўжалиги, электрон тижорат ва яшил молиялаштириш бўйича бир қатор тренинглар ўтказишни режалаштирмоқдамиз", - деб қайд этди ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий ваколатхонаси табиий ресурслар бўйича мутахассиси ва лойиҳанинг техник координатори Иветта Зенина.

Машғулотлар давомида Қорақалпоқ халқининг бой маданияти, қадимий тарихи ва чуқур маъносини сақлайдиган анъанавий каштачилик ва миллий кийимларининг ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилди. Қадимги Қорақалпоқ каштаси қизил рангнинг устунлиги билан ранглари бир-биридан кескин фарқ қлувчи иплардан йиғилган безакнинг кичик элементларини бирлаштирган. Нақш хоч ва гирдобли розет (қуёш, кардинал йўналишлар), зигзаг (самовий сув), ромб (унумдорлик) каби космогоник белгилардан ташкил топади. Кашта билан асосан аёллар либослари: «кимешек» бош кийими, «жегде» тўни ва «саукеле» бош кийими безатилади. 

Бугунги кунда халқ анъаналари асосида яратилган ҳунармандчилик маҳсулотларига, айниқса, сайёҳлар ўртасида талаб катта. Зеро, улар халқнинг ўзлигини, авлодлар давомийлигини намоён этади ва бундай маҳсулотларни моҳирона ёндашув билан яратиш катта фойда келтириши мумкин. ФАО томонидан ташкил этилган икки кунлик тренингларда иштирокчиларга миллий каштачиликнинг турли усуллари ўргатилди ва келгусида муваффақиятли ишлаш учун бошланғич кўникмалар берилди. Машғулотлар назарий ва амалий қисмларни ўз ичига олди.

Албатта, нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш, балки уни фойдали сотиш ҳам муҳимдир. Шунинг учун ўқув дастурига маркетинг асослари бўйича дарслар киритилган бўлиб, иштирокчиларга ўз маҳсулотларини қандай қилиб муваффақиятли сотиш ва маълум бир мақсадли аудиторияга эътибор қаратиб, фойда олиш йўллари тушунтирилди. Алоҳида тақдимот гендер тенглигининг муҳимлиги, яъни эркаклар ва аёллар учун ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, қишлоқ хўжалигида, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликда тенг шароитлар, ҳуқуқ ва имкониятлар яратилишига бағишланди. Гендер тенглигини таъминлаш ва қишлоқ аёлларининг имкониятларини кенгайтириш ФАО сиёсатининг устувор йўналиши экани қайд этилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг