Валюта курслари 06/02/2025
$1 – 12985.32
UZS – -0.1%
€1 – 13511.23
UZS – 0.53%
₽1 – 132.22
UZS – 0.71%
Қидириш
Иқтисод 06/02/2025 ФАО Ўзбекистоннинг пестицидлар таҳлили бўйича лаборатория салоҳиятини кучайтириш ташаббусини илгари сурди

ФАО Ўзбекистоннинг пестицидлар таҳлили бўйича лаборатория салоҳиятини кучайтириш ташаббусини илгари сурди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг пестицидлар сифатини назорат қилиш ва уларнинг қолдиғи таҳлили бўйича лаборатория салоҳиятини кучайтириш мақсадида миллий семинар ташкил қилди.

“Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак” лойиҳаси Ўзбекистоннинг барқарор ва яшил иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлаш бўйича Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилиб келинаётган дастурнинг бир қисмидир. Семинарнинг мақсади мамлакат бўйлаб давлат ва хусусий лабораторияларнинг асосий манфаатдор томонларини бирлаштирган такомиллаштирилган кимёвий таҳлил ва мониторинг тизимлари орқали аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон лаборатория тармоғидаги муҳим масалалар, хусусан, асбоб-ускуналарни модернизация қилиш, кадрлар тайёрлаш ва идоралараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда турли давлат органлари, жумладан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан Санитария-эпидемиология қўмитаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, шунингдек, хусусий сектор лабораториялари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, ФАО томонидан бошланғич лаборатория баҳолаши ўтказилганда натижалар шуни кўрсатдики, мамлакатда вазирликлар, академик муассасалар ва хусусий секторда ихтисослаштирилган лабораториялар тармоғи мавжуд бўлса-да, бу муассасалар муҳим операцион ва стратегик муаммоларга дуч келмоқда, семинар ушбу тўсиқлар муҳокамасига қаратилди. ФАО лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Стивен Робинсон ушбу ташаббуснинг стратегик аҳамиятин ҳақида гапирар экан, “Ўзбекистон пестицидларни бошқариш тизимини модернизация қилишнинг муҳим босқичида.

Бизнинг таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, лаборатория инфратузилмасини стратегик жиҳатдан мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва пестицидлар қолдиқларини текшириш каби кимёвий таҳлилнинг аниқ йўналишлари бўйича мақсадли салоҳиятни ошириш билан биргаликда мамлакатнинг аналитик-таҳлилий имкониятларини сезиларли даражада мустаҳкамлаш имконини беради. Энг мустаҳкам пойдеворга эга институтларни аниқлаш ва уларга сармоя киритиш орқали мувофиқлаштириш эҳтиёжларига хизмат қиладиган ва қишлоқ хўжалиги ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган мукаммал марказларни яратишимиз мумкин. Бу ёндашув фермерлар, бозорлар ва мувофиқлаштирувчи органларни боғловчи янада самарали ва барқарор тизимни юзага келтиришга имкон беради”- дея таъкидлади.

Лабораторияларни аккредитация қилиш бўйича халқаро маслаҳатчи Упали Самаражива эса “Халқаро лаборатория аккредитациясига ўтиш Ўзбекистонда пестицидлар таҳлилига ёндашувни тизимли равишда ўзгартиришни талаб қилади,” дейди. “Бизнинг баҳолашимиз органофосфатлар ва хлорорганик моддаларни асосий муаммолар сифатида аниқлади ва уларни ҳал қилиш нафақат замонавий ускуналарни, балки тўлиқ сифат менежменти тизимини талаб қилади. I

SO/IEC 17025:2017 стандарти бўйича аккредитация синовдан ўтган анализ усулларини ишлаб чиқиш, сифатни қатъий назорат қилиш ва мустаҳкам техник тажриба яратишни ўз ичига олади. Бу асосий сертификатлашдан тубдан фарқ қилади ва барча манфаатдор томонлардан доимий мажбуриятларни бажаришни талаб қилади. Лабораторияларда халқаро миқёсда тан олинган стандартларни ўрнатиш орқали биз аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги экспортини қўллаб-қувватлаш ва экологик хавфсизликни таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратамиз”.

Техник баҳолаш Ўзбекистон лаборатория сектори олдида турган тизимли муаммоларни кўрсатади. Семинар давомида таъкидланганидек, аксарият лабораториялар барқарор бизнес моделларисиз ҳукумат ташаббуси сифатида ташкил этилган, бу эса зарур материалларни харид қилиш ва малакали кадрларни сақлаб қолишда операцион қийинчиликларга олиб келди. ISO 17025:2019 сертификатига эга бўлишига қарамай, кўплаб муассасалар молиявий ва операцион чекловлар туфайли халқаро аккредитация стандартларига жавоб беришга қийналмоқда.

Ҳозирги вазият турли институционал лабораториялар ўртасидаги ўзаро мураккаб таъсирни кўрсатади. Вазирликлар таркибидаги давлат органлари озиқ-овқат хавфсизлиги, атроф-муҳит мониторинги ва пестицидлар қолдиқларини таҳлил қилишга ихтисослашган. Шу билан бирга, хусусий ва академик лабораториялар ушбу саъй-ҳаракатларни қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит йўналишлари бўйича тадқиқот ва сифат назорати ишлари билан тўлдириб келмоқда.

Баҳолашнинг асосий натижаларидан бири лабораториялар ўртасида ҳамкорликка нисбатан рақобатнинг кенг тарқалганлиги бўлиб, институтлар кўпинча ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ўрнига ўз соҳаларида эксклюзивликка интилмоқда. Бундай ёндашув эскирган санитария меъёрларига таяниш ва техник натижаларни фермерларга етказишдаги муаммолар билан биргаликда соҳа миқёсида такомиллаштиришга тўсиқлар яратди.

Лойиҳанинг миллий координатори Элмурод Назаров ривожланишни қўллаб-қувватловчи институционал тузилма ҳақида сўз юритар экан,“Ўзбекистонда пестицидларни самарали бошқариш бутун институционал тузилма бўйлаб тўхтовсиз мувофиқлаштиришни талаб қилади. Вазирлар Маҳкамасининг чиқиндиларни бошқариш дастурларини назорат қилишдан тортиб, Соғлиқни сақлаш, Экология, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари томонидан ихтисослашган мониторинггача, ҳар бир агентлик ушбу мураккаб экотизимда муҳим роль ўйнайди.

Марказий таҳлилий назорат хизматининг лаборатория мониторинги Санитария-эпидемиология назорати қўмитасининг аҳоли саломатлиги назорати билан ҳамкорликда иш олиб боради, Ўсимликлар карантини ва муҳофазаси агентлиги эса ўсимликларни ҳимоя қилиш ва улардаги пестицидлар қолдиқларини комплекс таҳлил қилиш орқали қишлоқ хўжалиги хавфсизлигини таъминлайди. Ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш ва лаборатория амалиётимизни халқаро стандартларга мослаштириш орқали биз атроф-муҳит ва инсон ҳаётини ҳимоя қилиш учун янада мустаҳкам ва интеграциялашган тизим қуришимиз мумкин. Соғлиқни сақлаш органлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш лабораториялари, университетлар ва хусусий сектор институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ушбу кенг қамровли мониторинг тизимини яратиш йўлидаги муҳим қадамдир” – дея тилга олди.

Иштирокчилар ФАО томонидан 2024 йил сўнгида ўтказилган кенг қамровли базавий баҳолаш жараёни билан боғлиқ масалаларни кўтардилар. Баҳолаш жараёнида озиқ-овқат ва атроф-муҳитдаги пестицидлар, ўғитлар ва қолдиқларни таҳлил қила оладиган лабораториялар ўрганилган эди. Ушбу баҳолаш Халқаро Савдо Марказининг (ИТC) лабораторияларни аккредитация қилиш бўйича олиб бораётган ишлари билан биргаликда Ўзбекистонда лаборатория салоҳиятини ошириш бўйича стратегик йўл харитасини ишлаб чиқиш учун қимматли маълумот билан таъминлайди. Лаборатория операцияларини ўзгартириш бўйича тавсиялар, жумладан, операцион харажатларни ҳисобга оладиган барқарор бизнес моделларини ишлаб чиқиш, инсон ресурсларини рағбатлантириш (кадрларни тайёрлаш) ва инфратузилмани такомиллаштириш ҳам семинарнинг асосий мавзуси бўлди.

Ташаббус эскирган стандартлардан халқаро миқёсда тан олинган методологияларга ўтиш, “Мақбул лаборатория амалиёти” (“Гоод Laboratory Practice”) ва “5 Batch Analysis” (сифат назорати ва таркибий таҳлил бўлиб, пестицидларнинг 5 та партиясини алоҳида-алоҳида таҳлил қилишни назарда тутади) стандартларини жорий этишга ёрдам беради. Асосий эътибор илмий йўналишни сақлаб қолган ҳолда аграр соҳада фаолият олиб борувчилар учун аниқланган натижаларни тўғри талқин қилиш тизимларини ишлаб чиқишга қаратилган.

Тадбир якунида иштирокчилар лабораториянинг жорий фаолияти ва истиқболдаги ривожланиш имкониятлари бўйича амалий тажрибага эга бўлишди, шунингдек, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази лабораториясига экскурсия уюштирилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг