Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 22/07/2024 ФАО Ўзбекистондаги қишлоқ аҳолисига асаларичиликни ривожлантириш, сут ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича замонавий кўникмаларни ўргатмоқда
ФАО Ўзбекистондаги қишлоқ аҳолисига асаларичиликни ривожлантириш, сут ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича замонавий кўникмаларни ўргатмоқда

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан жорий йилнинг 9-18 июль кунлари Бухоро вилоятининг Жондор ҳамда Навоий вилоятининг Нурота туманларида қишлоқ аҳолиси учун асаларичиликни ривожлантириш, хонадонларда сут ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек бизнесни бошқариш ҳамда гендер масалалари ва аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича ўқув семинар-тренинглари ўтказилди. Тренинглар “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган бўлиб, унда қишлоқ аҳолиси вакилларининг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш кўзда тутилган.

Дастлаб Бухоро вилоятининг Жондор ва Навоий вилоятининг Нурота туманларида асаларичилик бўйича тренинглар олиб борилди. Асаларичилик ҳамиша қишлоқ хўжалигининг яхши даромад келтирувчи истиқболли тармоқларидан бири бўлиб келган. ФАО томонидан ташкил этилган асаларичилик бўйича тренингларда иштирокчилар асаларичилик бўйича бошланғич билимларга эга бўлдилар ва асаларичиликнинг замонавий ёндашувлари билан яқиндан танишдилар, бу эса кейинчалик фермер хўжаликларини кенгайтириш ва даромадларини ошириш имконини беради. Асалариларни мавсумий парваришлаш ишлари, асаларилар ёрдамида экинларни чанглатиш усуллари, асалариларнинг турли зотларининг хусусиятлари, асаларичилик маҳсулотлари ва уларга қўйиладиган стандарт талаблар, шунингдек, асаларилар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш усуллари каби мавзулар муҳокама қилинди. Соғлом экотизим ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда асаларилар ва бошқа чанглатувчи ҳашаротлар муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Сўнгра Жондор ва Нурота туманларда қишлоқ аёллари учун хонадонларда сут ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ташкил этиш борасидаги тренинглар ўтказилди. Сут маҳсулотлари Ўзбекистонда қишлоқ жойлардаги кўплаб уй хўжаликлари учун муҳим даромад манбаи бўлиб, озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ва овқатланиш рациони сифатини оширишга хизмат қилади. Машғулотларда 50 га яқин қишлоқ аҳолиси иштирок этди. Тренингларда мутахассислар томонидан сутни уй шароитида сақлаш ва қайта ишлаш қоидалари, самарали озуқа рационларини тузиш, ҳамда асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва бошқа масалаларда иштирокчиларга билим ҳамда кўникмалар берилди. Янги билим ва кўникмалар иштирокчиларга сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш самарадорлигини ва шу билан бирга даромадни оширишга имкон беради. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигини янада жадал ривожлантириш ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлайди, шу билан биргаликда, қишлоқ аҳолиси орасида гендер тенгликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.

Тренинг якунида иштирокчилар сутни санитария меъёрлари талаблари асосида қайта ишлаш ва сақлаш бўйича, асаларичиликни ривожлантириш ва асалари касалликларини олдини олиш, оилавий тадбиркорликни ташкил қилиш, маркетинг соҳасида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлдилар, маҳаллий иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалигини юритиш усулларини ҳам ўзлаштирдилар. Шунингдек, семинар аёлларнинг агробизнесдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш ва қишлоқ аҳолисининг имкониятларини кенгайтиришга ҳам замин яратди.

Маълумки, ФАО дунё бўйича озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш устида қатор ишлар олиб боради. Ўзбекистонда ФАО ҳукуматга аграр секторни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашувчанликни ошириш ва овқатланишни яхшилашга қаратилган сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқишда кўмаклашмоқда. Шу билан бирга, яйловлардан фойдаланиш шароитларини яхшилашда гендер мувозанатини сақлашга алоҳида эътибор қаратади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг