Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил Макон» миллий дастурининг мақсад ва вазифаларига мос равишда Ўзбекистонда кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Дастур доирасида хонадонларда, кўчаларда, маҳалла ва қишлоқларда, шаҳарларда, йўл четлари ва далаларда ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитларига мос дарахт ҳамда буталар экиш, уларни суғориш ва тўғри парвариш қилишни ташкил қилиш кўзда тутилган. Асосий мақсад экологик муҳит ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашдир.
Ушбу мақсадга эришишда ФАОнинг «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Глобал Экологик Жамғарма (ГЭЖ) кўмагида амалга оширилмоқда. Жумладан, лойиҳа доирасида Китоб давлат ўрмон хўжалигида маҳаллий аҳолига ўз шахсий томорқалари ва давлат ўрмон фонди ҳудудини кўкаламзорлаштириш учун 60 мингга яқин кўчатлар топширилди. Акция давомида ФАО экспертлари томонидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Китоб тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган «Яшил майдонлар ва плантациялар яратиш аротехникаси» мавзусида семинар ҳам ўтказилди. Семинарда лойиҳа иштирокчилари, шунингдек, маҳаллий аҳоли, ижарачилар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари иштирок этишди.
«Барқарор бошқариладиган шаҳар ва тоғ ўрмонлари ёғоч маҳсулотларига қўшимча равишда углеродни боғлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, тупроқни яхшилаш ва сувни муҳофаза қилиш каби муҳим экотизим хизматларини тақдим этади. Шу боис яшил майдонларни кўпайтиришдан республиканинг қишлоқ аҳолиси ҳам, йирик шаҳарлар аҳолиси ҳам бирдек манфаатдор. Ўтказилган семинар Китоб туманида ўрмонларни барқарор бошқариш, экиш, парвариш қилиш ва суғориш соҳасидаги илғор тажрибаларни жорий этишга қаратилган эди. Шунингдек, семинарда дарахтзорлар барпо этиш бўйича ўзаро тажриба алмашилди», - дейди лойиҳанинг техник координатори Олимжон Қаҳҳоров.
ФАО/ГЭЖнинг «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси Сирдарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида амалга оширилмоқда. Ушбу ҳудудларда ўрмонларни барқарор бошқариш, ўрмон ҳудудларининг ахборот тизимлари ва электрон хариталарини яратиш, гендер тенглигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда маҳаллий аҳолини ўрмон хўжалигини бошқариш жараёнларига кенг жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.