Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Иқтисод 10/08/2023 ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий қилишга кўмаклашмоқда
ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий қилишга кўмаклашмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислар учун тупроққа ишлов бермасдан экувчи (no-till) ускуналар ишлаб чиқариш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Туркияга ўқув сафари уюштирилди. Гуруҳ таркибига ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар, Тошкент Давлат аграр университети ҳамда хусусий корхоналар вакиллари кирди. Ўқув сафари Глобал Экологик Жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган ФАОнинг учта лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Булар «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси ҳамда «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклашгатаъсирини баҳолаш дастури» ва «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаларидир. Ушбу лойиҳалар доирасида Ўзбекистонда ресурсларни тежашга асосланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу мамлакатда замонавий, ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳангдир.

Ўқув сафари давомида ўзбекистонлик мутахассислар Коня ва Измир шаҳарларида тупроққа ишлов бермасдан экувчи экиш машиналари ва лазерли текислагичлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхоналарга ташриф буюришди. Ўзбекистонда тўғридан-тўғри экиш машиналари ва лазерли текислагичлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар очиш имкониятлари ўрганилиб, Туркия томони билан тегишли дастлабки келишувларга эришилди. Зеро, Ўзбекистонда тупроққа ишлов бермасдан экиш технологиясини кенг жорий этишнинг муҳим шарти бундай техникаларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир

"Бизнинг асосий вазифамиз – турк корхоналарининг тупроққа ишлов бермасдан экишга мўлжалланган экиш машиналари ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистонда бундай машиналарни биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Зеро, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалиги учун арзон ва тежамкор ускуналар зарур, бу эса маҳаллийлаштириш ва таннарх бўйича ишлашни талаб қилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳсулдорликни ошириш ва одамлар меҳнатини енгиллаштириш учун сифатли, арзон ускуналар зарур", - деди CACILM-2 лойиҳасининг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Бугунги кунда тупроққа ишлов бермасдан донли экинларни етиштиришнинг энг илғор технологияларидан бири ҳисобланади. У дунёнинг ўнлаб мамлакатларида жорий этилган ва Ўзбекистонда муваффақиятли татбиқ этила бошланди. “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури" лойиҳасининг миллий координатори Азиз Нурбековнинг таъкидлашича, нафақат иқтисод, балки экология нуқтаи назаридан ҳам тўғридан-тўғри экиш тизими истиқболли ҳисобланади. Мутахассиснинг фикрига кўра, ушбу технология тупроқни таназзулдан ҳимоя қилади ва қуруқ тупроқларда намликни сақлашга имкон беради. Умуман олганда, технология тупроқ таркибига минимал таъсир қилган ҳолда ишлов берилмаган ерларга экинларни экишни ўз ичига олади.

"Бунда ерларни лазерли текислаш муҳим рол ўйнайди, бу жараёнда 0 дан 0,2 фоизгача нишаблик ҳосил қилиш учун лазер билан жиҳозланган драглайн чўмичлар ёрдамида ерлар текисланади. Лазерли текислаш глобал жойлашишни аниқлаш тизимлари (GPS) ва лазер билан бошқариладиган асбоблар билан жиҳозланган трактор ва пичоқларнинг ишлашини талаб қилади. Тупроқ кесиш ёки чуқурларни тўлдириш орқали кўчирилади, шунда керакли нишаблик/сатҳ ҳосил бўлади. Бу усул ерларни текислашда юқори аниқлик даражаси билан маълум ва жараённинг ўзи сувни тежаш ва донли экинлар ҳосилдорлигини ошириш нуқтаи назаридан жуда истиқболли", - деди Азиз Нурбеков.

Ўқув сафари давомида ўзбекистонлик мутахассислар уруғликни минимал сарфлаш ва вақтни тежаш каби тўғридан-тўғри экиш экиш машиналардан фойдаланишнинг афзалликларини баҳолашди, чунки бундай сеялкалар даладаги бутун иш жараёнини бир ўтишда бажарадилар. Шу билан бирга, тупроққа ишлов бермасдан экиш технологиясини самарали жорий этиш ФАО лойиҳаларининг мақсадларига мос келадиган қурғоқчилик ва шўрланишга мойил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишини таъкидлаш муҳимдир.

ФАО мутахассислари қишлоқ хўжалигини механизациялашни янада такомиллаштириш қўл меҳнатини енгиллаштириш ва унинг ҳажмини камайтириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ёрдам беришига ишонишади. Технологик, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда барқарор механизациялаш қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат соҳасининг барқарор ривожланишига ёрдам беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг