Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 24/12/2021 ФАО Ўзбекистон асаларичилари уюшмасига лаборатория жиҳозларини топширди
ФАО Ўзбекистон асаларичилари уюшмасига лаборатория жиҳозларини топширди

2021 йил 24 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон асаларичилари уюшмасига замонавий лаборатория жиҳозларини топширди. Замонавий жиҳозлардан ўқув ва кўргазмали мақсадларда фойдаланилади. Самарқанд ветеринария медицинаси институти Тошкент филиали талабалари лаборатория имкониятлари билан аллақачон танишиб, баҳо беришга улгурдирлар.

Ушбу жиҳозлар ФАОнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Асаларичиликни барқарор ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида тақдим этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади асаларичилик маҳсулотларининг ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан барқарор ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Асалнинг шифобахш хусусиятлари қадим замонлардан бери маълум. Аммо асаларичиликнинг даромад олиш имкониятлари қанчалик юқори эканлигини ҳамма ҳам билмайди. Айни пайтда асаларичилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлгани сабабли Ўзбекистон ҳукумати уни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда.

– Оқилона ёндашув билан асаларичилик яхши даромад манбаи бўлиши билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, қишлоқ аёлларини иш билан таъминлаш масалаларини ҳал этишга ёрдам беради. Лойиҳани амалга оширишда соҳа вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш, соҳага инновацион технологиялар ва илғор тажрибаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратамиз”, — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.

2019 йилдан буён амалга оширилаётган ФАО лойиҳаси доирасида асаларичилик маҳсулотлари сифатини назорат қилишнинг илғор усулларини қўллаш, асаларилар касалликлари ва паразитларга қарши курашишда замонавий усуллардан фойдаланиш, нектар йиғиш имкониятлари, асаларичиликда гендер масалалари, асаларичиликни назорат қилиш каби мавзулар бўйича қатор тренинглар ташкил этилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги коллежлари, олий ўқув юртлари, шунингдек, Тошкент ва Фарғона шаҳарларидаги асаларичилик марказларида ўқув жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ўзбек тилида асаларичиликнинг турли йўналишлари бўйича амалий тавсиялар тайёрланди.

Лойиҳани амалга оширишда асаларичилар учун инновацион ахборот алмашиш тизимининг яратилиши ҳам муҳим ўрин тутди. Махсус мобил илова асал ишлаб чиқарувчиларга барча зарур ўқув ва статистик маълумотларни онлайн тарзда тақдим этиш орқали уларнинг фаолиятини яхшилашга мўлжалланган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг