Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Иқтисод 09/02/2022 ФАО Мўйноқ аҳолисини қишлоқ хўжалигидаги инновацияларга ўргатади
ФАО Мўйноқ аҳолисини қишлоқ хўжалигидаги инновацияларга ўргатади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қорақалпоғистон қишлоқ аҳолисининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида бир қатор тренингларни давом эттирмоқда. Ўқув машғулотлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик Жамғармаси ва ФАОнинг Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Қўшма лойиҳа БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди томонидан молиялаштирилади.

2021 йилнинг 7 февралидан 11 февралига қадар Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида чорвачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш каби мавзуларда 5 та тренинг ўтказилмоқда. Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси тадбирларни ўтказишда миллий ҳамкор ҳисобланади. Ўқув машғулотларида Оролбўйи минтақасининг 120 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари, асосан, аёллар ва ёшлар иштирок этди.

«Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб этиш агросаноат мажмуасини янада жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Тренингларда иштирокчилар қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, соҳадаги ўзгаришлар ҳамда ушбу соҳа яхши даромад манбаи бўлиши мумкинлигини англаб етмоқда», - дейди Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси Адиба Аҳмеджанова.

Ўқув машғулотларида қишлоқ аҳолиси деградацияга учраган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, минерал ва органик ўғитлардан тўғри фойдаланиш, боғ барпо этишнинг агротехнологиялари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлди. Шунингдек, чорва ҳайвонлари касалликларининг олдини олиш, самарали озуқа рационини яратиш, шахсий ёрдамчи хўжаликларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Ўтказилган тадбирларда иштирокчилар фаол қатнашдилар ва кўплаб саволлар бердилар, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Буларнинг барчаси юқори мотивация, ўзини-ўзи ривожлантириш ва соҳани ривожлантириш истагини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, юқорида қайд этилган қўшма лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида ҳам шу каби тренинглар ўтказилиб, унда балиқчилик ва қишлоқ хўжалигида тупроқни ҳимоя қилувчи технологиялар мавзулари кўриб чиқилди. Келгусида ушбу мавзуларнинг барчаси бўйича тренинглар Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида ҳам ўтказилади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида фермер хўжаликлари кўчатзорлар ва балиқ боқиш ҳавзаларини яратиш учун зарур ускуна ва жиҳозлар билан ҳам таъминланади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг