Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 24/02/2021 ФАО кўмагида янги ГИС лабораторияси ташкил этилди
ФАО кўмагида янги ГИС лабораторияси ташкил этилди

Тошкент Давлат Аграр Университетида «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида ташкил этилган янги географик ахборот тизимлари (ГИС) лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги ГИС лабораторияси энг замонавий компьютерлар, сервер (маълумотлар маркази), плоттер (тупроқ хариталарини чоп этиш қурилмаси) ва GPS жиҳози билан жиҳозланган.

«ГИС-лабораторияси учун сотиб олинган илғор ускуналар фазовий ва геоахборот маълумотларини яратиш ва алмашиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқариш учун кенг имкониятлар очиб беради. Зеро, Марказий Осиё минтақасида ГИС имкониятлари минтақадаги ўрганилмаган ва камайиб бораётган ресурсларнинг реал ҳолатини аниқлашда асосий рол ўйнайди», - дейди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Геоахборот технологиялари ерларнинг деградация жараёнларини баҳолаш ва хариталаш,  тупроқлар ҳолатини таҳлил қилишнинг самарадор ва тезкор ахборот  тизимларини яратиш, тупроқ хариталаш ишларини, анъанавий хариталаш усулларини замонавий компьютерлаштириш, тадқиқ этиладиган ҳудуд тўғрисида тез ва сифатли маълумот олиш, геоахборот технологияларини қўллаган ҳолда масофадан зондлаш маълумотларига ишлов бериш орқали кўп йиллик мониторинг ишларини олиб боришга доир илмий-тадқиқотларни амалга оширишда бир қатор имкониятлар яратади хамда ер деградациясини бартараф етиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради. Шундай қилиб, географик ахборот тизимлари ва фазовий маълумотларни таҳлил қилиш илмий тадқиқот олиб боришнинг зарурий воситаларидир. Шу муносабат билан лабораториядан талабалар ва амалиётчилар учун ўқув маркази сифатида ҳамда тадқиқот мақсадларида фойдаланилади.

«Инновацион технологияларни жорий этиш замон талабидир. Замонавий географик ахборот тизимлари (ГИС) тадқиқотларнинг барча соҳалари учун зарурий восита бўлиб, ҳам илмий, ҳам ишлаб чиқариш мақсадларида олиб борилади. Бу йўналишда катта имкониятлар очаётган янги ГИС лабораториясини ташкил этишда амалий ёрдам берганлиги учун ФАОга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», - дейди Тошкент Давлат Аграр Университети ректори, академик Ботир Сулаймонов.

Очилиш маросимида мутахассислар янги лабораториянинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, унинг ишлаш принсиплари бўйича тақдимотлар ўтказишди. Иштирокчилар энг янги технологиялар билан жиҳозланган янги лабораториянинг имкониятлари билан таништирилди.

Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни компекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш CACILM-2лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Узгидромет Ўзбекистонда лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланадилар

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг