ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси билан ҳамкорликда «Асаларичиликнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш» техник ҳамкорлик дастури доирасида ишлаб чиқилаётган инновацион ахборот алмашиш тизимини намойиш этиш учун тадбир ташкил этди.
«Асаларичиликнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш» ФАО техник ҳамкорлик дастури мамлакатимизда асаларичиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу лойиҳа мазкур соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш учун янги имкониятлар очмоқда. Дастур доирасида соҳа вакиллари учун хорижий экспертлар томонидан ўқув семинарлари-тренинглар ташкил қилинади, хорижий давлатларда кадрлар малакасини ошириш амалга оширилади ва Ўзбекистондаги асаларичилик соҳаси учун замонавий лаборатория ускуналари етказиб берилади.
Мазкур дастур доирасида инновацион ахборот алмашиш тизими ишлаб чиқилмоқда. Унинг афзалликлари йиғилиш давомида муҳокама қилинди. Хусусан, янги тизим туфайли асаларичилар барча зарур ўқув-статистик маълумотларни олиш имкониятига эга бўладилар. Янги тизимда асаларичилар асаларичилик хўжаликларини бир-бирига яқин жойлаштирмасликлари учун махсус харитада акс эттириладиган ҳар бир асаларичининг колонияларининг жойлашиши тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилади. Бундан ташқари, янги тизим кимёвий ўғитлардан фойдаланиш тўғрисида эрта огоҳлантиришни таъминлайди, бу асаларичиларга асалариларни нобуд бўлмаслигини ва асал ҳосилини йуқотмаслик учун ўз вақтида чоралар кўриш имконини беради. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги асаларичилар уюшмаларининг раислари ўз фикр ва таклифларини билдирдилар, соҳани ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилдилар.