Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 25/03/2023 ФАО Фарғона водийсининг чегара ҳудудлари аҳолисига қишлоқ хўжалиги техникасини топширди
ФАО Фарғона водийсининг чегара ҳудудлари аҳолисига қишлоқ хўжалиги техникасини топширди

Шу кунларда Андижон ва Наманган вилоятларидаги бир қатор қишлоқлар аҳолиси яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан етказиб берилган янги қишлоқ хўжалиги техникалари – мотокультиваторлар ва сут сепараторларидан фойдаланишни ўзлаштирмоқда. Бу ускуналар ўз эгаларига даромад олиш учун ажойиб восита бўлиши мумкин.

Андижон вилоятининг Марҳамат ва Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманларидаги 6 та маҳалла хонадонларига 28 дона мотокультиватор, сепаратор каби қишлоқ хўжалиги ускуналардан ташқари 5850 дона сертификатланган мевали дарахтлар кўчатлари ва 10 000 кг уруғлик картошка ҳам топширилди. Бу ёрдам БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган ФАО ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) нинг «Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» қўшма лойиҳаси доирасида кўрсатилди.

Янги ускуналар қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг даромадларини оширишга хизмат қилади. Ушбу ташаббус орқали ФАО аёллар ҳамда заиф гуруҳларнинг Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида барқарор ривожланиш ва умумий фаровонликка эришишда муҳим рол ўйнаётганини тан олган ҳолда, гендер тенглигини таъминлаш ва заиф гуруҳларнинг имкониятларини кенгайтиришга интилади. 

“Албатта, қишлоқ аҳолисининг юқори сифатли қишлоқ хўжалиги ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш муҳим, аммо бу муваффақиятли натижаларга эришиш учун етарли эмас. Таъсирни энг юқори даражада ошириш учун, ресурсларни тақсимлашдан сўнг, биз лойиҳанинг бенефициарлари учун махсус ўқув машғулотларини ўтказамиз, бу ерда улар олинган ускуналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан кейинчалик самарали фойдаланиш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўладилар. Шу тариқа биз қишлоқ аҳолиси, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг барқарор ривожланишга ҳисса қўшиши учун даромадларини ошириш имконини берамиз”, - деб таъкидлари «Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» лойиҳасининг Ўзбекистондаги ФАО томонидан координатори Нозима Маликова.

Хусусан, келгусида қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича техник тренинглар ўтказилади. Шу билан бирга, лойиҳа бенефициарлари учун келажакда ўз маҳсулотларини муваффақиятли сотиш имконини берадиган тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш учун агробизнес бўйича тренинглар ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, яқин ойларда қишлоқ хўжалиги жиҳозларининг навбатдаги партиясини Андижон ва Наманган вилоятлари аҳолисига топшириш режалаштирилган.

«Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш»

лойиҳаси қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш орқали Фарғона водийси орқали ўтадиган чегаранинг ҳар икки томонида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳа Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишга, шунингдек, БМТнинг тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг