Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 23/04/2024 ФАО Фарғона водийсида иссиқхона бизнеси бўйича тренинглар ўтказди
ФАО Фарғона водийсида иссиқхона бизнеси бўйича тренинглар ўтказди

Андижон, Наманган ва Фарғона шаҳарларида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Фарғона водийсида муваффақиятли амалга оширилаётган “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳаси бенефициарлари учун тренинглар ўтказди. Машғулотларда иссиқхона хўжалигидаги муваффақиятнинг муҳим таркибий қисмлари - маркетинг ва гендер тенглиги асослари кўриб чиқилди. Ўқув машғулотларида 90 нафарга яқин киши қатнашиб, иштирокчиларнинг 70 фоизини қишлоқ аёллари ташкил этганлиги Фарғона водийси аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Даромадни ошириш учун иссиқхоналарда соғлом ва сифатли маҳсулотлар етиштиришгина эмас, балки уларни сота олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тренинглар давомида ФАО миллий экспертлари Фарғона водийсидаги қишлоқлар аҳолисига ушбу кўникмаларни бериб, улар учун маркетинг асослари бўйича тақдимотлар ўтказишди. Хусусан, тренингларда бизнесни режалаштириш, иссиқхона маҳсулотларини йиғиш, қадоқлаш ва сертификатлаш масалалари, харидорлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш, нарх стратегиясини шакллантириш хусусиятлари, реклама ва логистика ва бошқа кўплаб масалалар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, йирик иссиқхона сабзавотлари маркетинги бўйича йўриқномалар тақдим этилди, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро ва маҳаллий стандартлари ҳам кўриб чиқилди. 

“Машғулотлар давомида биз мижозлар билан тўғри муносабат ўрнатиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида кўп билимлар олдик ва бизга бизнесни ривожлантириш сир-асрорлари ўргатилди. Бир кун ичида маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни сотиш ҳақида жуда кўп фойдали маълумотларни олиш мумкин деб ўйламаган эдим. Гендер тенглиги ҳақидаги тақдимотлар менга жуда ёқди, бундай машғулотлар аҳолимизнинг хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги қарашларини ўзгартириш имконини беради ва бу мени қувонтиради”,– дейди Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан келган тренинг иштирокчиси Гулчеҳра Сотволдиева.

ФАО мутахассислари тренинг иштирокчиларига қишлоқ хўжалигида гендер тенглигини янада мустаҳкамлаш муҳимлиги ва қишлоқ аёлларининг имкониятларини кенгайтириш зарурлиги юзасидан тушунчалар бердилар. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қишлоқ меҳнат бозорида аёллар бандлиги йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ресурслари, таълим ва инфратузилмалардан тенг фойдаланиш келгусида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди, шу билан бирга Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш имконини беради.

“Машғулотлар интерфаол тарзда ташкиллаштирилди, унда аёлларнинг фаол иштироки бизни жуда хурсанд қилди. Томорқа хўжаликларини ҳосил йиғиб олингандан кейинги барча жараёнларда хусусан, маҳсулотларни сотиш босқичида қўллаб-қувватлаш жуда муҳимдир. Ўзбекистонга ташрифим давомида мақбуллаштирилган бир нечта иссиқхоналарда бўлдим ва эришилган ютуқлардан, айниқса, лойиҳамиз томорқа хўжаликларининг даромадларини оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётганидан жуда мамнунман”,- деди ФАО халқаро эксперти Гвидо Сантини. 

Таъкидлаш жоизки, ФАОнинг “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳаси бенефициарларининг сезиларли қисмини, яъни 66 фоизини аёллар ташкил этиб, улар иссиқхона соҳасида катта муваффақиятларга эришмоқдалар. Эслатиб ўтамиз, лойиҳа 2021 йилда бошланган бўлиб, иссиқхоналарда ҳосил етиштиришнинг янги усулларини жорий этмоқда, бу эса ҳосилга ва шу билан бир қаторда даромадга ҳам таъсир қилади. Лойиҳа доирасида фермерларга иссиқхона учун қоплама материаллари, дезинфекцияловчи тўшамалар, қўш эшикли тизимлар тақдим этилди ва ўрнатиб берилди, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашиш, ёруғликни назорат қилиш, ўғитларни қўллаш, ўсимликларни чанглатиш ва сувдан фойдаланишнинг самарали усуллари жорий этилди.

Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш жараёнида ФАО томонидан иссиқхона эгалари учун янги усул ва технологиялардан фойдаланган ҳолда хўжаликни бошқаришни ўргатиш мақсадида бир қатор тренинглар ташкил этилди. Лойиҳа доирасида бугунги кунга қадар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги аҳоли хонадонларида 60 та иссиқхона мақбуллаштирилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг