Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси ва Тошкент Давлат аграр университети билан ҳамкорликда Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари, шунингдек, Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги қишлоқ аҳолиси учун асаларичиликни ривожлантириш бўйича тренинглар ташкил қилди. Ўқув тадбирлари “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Лойиҳа жамоаси вакилларининг фикрига кўра, асаларичиларнинг салоҳиятини кўтариш тармоқ самарадорлигини ва лойиҳа ҳудудларидаги аҳолининг даромадларини оширишга ёрдам беради, шунингдек, чегара ҳудудларида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун яхши имкониятларга эга бўлган соҳа ҳисобланади.
Машғулотлар 14-15 июнь кунлари Наманганда бўлиб ўтди ва 17 июнь куни Андижонда ўтказилиши режалаштирилган. Иштирокчиларнинг умумий сони лойиҳа ҳудудларидаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари орасидан танлаб олинган 100 га яқин кишини ташкил этади. Фарғона водийси аҳолиси учун асаларичилик ҳар доим қишлоқ хўжалигининг истиқболли тармоқларидан бири ва юқори даромад манбаи ҳисобланади. Шу билан биргаликда, бугунги кунда маҳаллий аҳолининг асал ишлаб чиқаришга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Кўпчилик билим ва тажриба орттириш, ушбу фойдали бизнеснинг сўнгги жараёнлари ҳақида билишни истайди, аммо ҳар доим ҳам бундай имконият мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам, маҳсулдорлик ва даромадни оширишда таълим асосий рол ўйнайди.
ФАО томонидан ташкил этилган асаларичилик бўйича тренингларда иштирокчилар асаларичилик бўйича асосий билимларга эга бўлдилар, келажакда асаларичилик хўжаликларини кенгайтириш ва даромадларини ошириш имконини берадиган замонавий ёндашувлар билан танишдилар. Тренингларда хўжаликда асалари оилаларини парвариш қилиш бўйича мавсумий ишлар, экинларни асаларилар билан чанглатиш усуллари, турли хил асалари зотларининг хусусиятлари, асаларичилик маҳсулотлари ва уларга қўйиладиган стандарт талаблар, шунингдек зараркунандаларга қарши кураш усуллари ва асаларичилик касалликлари каби мавзулар ўрганилди. Экотизим саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда асаларилар ва бошқа чанглатувчи ҳашаротлар муҳим рол ўйнаши қайд этилди. Улар биологик хилма-хилликни сақлашга ёрдам беради ва тўйимли озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун муҳимдир.
Таъкидлаш жоизки, ФАО Ўзбекистонда асаларичиликни ривожлантириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Масалан, ФАОнинг 2019-2021 йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган “Асаларичиликни барқарор ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида асаларичилар учун инновацион ахборот алмашиш тизими ишлаб чиқилган. Бу фойдаланувчиларга асаларичилик ишлари учун барча керакли ўқув ва статистик маълумотларни онлайн тарзда тақдим этадиган мобил илова ҳисобланади.
«Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котибининг
Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилади ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) томонидан БМТнинг Қўшма дастури сифатида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Фарғона водийсидан ўтувчи чегаранинг ҳар икки томонида қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида аёллар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.