Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 08/04/2024 ФАО Фарғона водийсида «ақлли қишлоқ хўжалиги»ни тарғиб қилмоқда
ФАО Фарғона водийсида «ақлли қишлоқ хўжалиги»ни тарғиб қилмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Андижон ва Наманганда ташкил этилган томорқаларда ақлли қишлоқ хўжалигини жорий этиш бўйича семинар-тренингларда Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ҳамда Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари қишлоқ аҳолисидан 60 нафарга яқин киши иштирок этди. 

Олимлар ва тажрибали агрономлар иштирокчиларга ўз томорқа хўжаликларида сабзавот, картошка ва бошқа экинлар ҳосилдорлигини ошириш технологиялари, ердан унумли фойдаланиш ва юқори сифатли маҳсулот етиштиришнинг инновацион усуллари, иқлимга мослашган деҳқончилик усулларини жорий этиш бўйича замонавий билим ва тажрибаларни ўргатдилар. Ўқув дастури доирасида дала ташрифлари, яъни, иссиқхоналарда амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Шуниси эътиборга лойиқки, иштирокчиларнинг қарийб 70 фоизини фаоллиги ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турадиган қишлоқ аёллари ташкил этди. 

Уларнинг аксарияти ФАО лойиҳаларида иштирок этиш орқали иссиқхона бизнесини муваффақиятли ривожлантириб келмоқдалар. ФАО бу лойиҳаларни амалга оширишда гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Тренинглар давомида олинган янги билим ва кўникмалар иштирокчиларга ўз томорқаларида экинлар ҳосилдорлигини ошириш ва шу билан биргаликда, даромадларини ҳам кўпайтиришга имкон беради. 

Дарҳақиқат, замонавий, экологик тоза ва барқарор деҳқончилик усулларини жорий этиш туфайли лойиҳа бенефициарлари нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки соғлом ва сифатли сабзавот экинларини етиштириш, ўз навбатида, уларнинг бозордаги қийматини ошириш имконини беради. Янги ва сифатли маҳсулотлар Фарғона водийсининг чегарадош ҳудудлари аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Маълумки, тинчлик, яхши қўшничилик ва тотувлик иқтисодий барқарорлик гаровидир ва бу лойиҳанинг мақсад ва вазифаларга тўла жавоб беради.

БМТ Бош котиби ҳузуридаги тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган ва ФАО ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан бир қатор ҳамкорлар билан биргаликда БМТнинг Қўшма дастури сифатида амалга оширилаётган «Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегара олди ҳудудларини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида доимий равишда ўқув тадбирлари ташкил этилади. 

Лойиҳа Фарғона водийси чегарасининг ҳар икки томонида қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, айниқса Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида қишлоқ аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ёшлар ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг