Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 26/12/2023 ФАО Фарғона водийси аҳолисини иссиқхона хўжалигини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди
ФАО Фарғона водийси аҳолисини иссиқхона хўжалигини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди

Фарғона водийсининг серҳосил ерларини икки қўшни давлат – Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралари кесиб ўтади, уларни ўхшаш анъаналар, тарих ва маданият бирлаштиради. Бу ерда, чегара ҳудудларида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) қўшма лойиҳасининг бенефициарлари яшайди. “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳасининг номи ўз-ўзидан гапиради – мақсад қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат. Шу билан бирга, хотин-қизлар ва ёшларнинг тинчлик ўрнатиш жараёнида ҳаракатлантирувчи куч сифатида имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лойиҳа БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилади.

Маълумки, сабзавотчилик Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг асосий даромад манбаларидан бири ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли ўз уйларида сабзавот ва кўкатларни етиштиришади, иссиқхона бизнеси эса бутун йил давомида яхши фойда келтириши мумкинлиги туфайли оммавийлашиб бормоқда. ФАО қишлоқ аҳолисининг иссиқхона хўжалигини ривожлантириш орқали ўз даромадларини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Декабрь ойида Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ва Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари қишлоқ аҳолисига “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ижтимоий-иқтисодий ёрдамнинг яна бир партияси етказилди. 13 нафар бенефициарга сабзавотчиликни янада ривожлантириш ва уй хўжаликлари даромадларини ошириш мақсадида лойиҳа ҳисобидан уларнинг томорқаларига янги иссиқхоналар қуриб берилди.

Юқори натижаларга эришиш учун, иссиқхоналар топширилгандан сўнг Наманганда иссиқхоналарни самарали бошқариш бўйича икки кунлик семинар ўтказилди. Унда юқорида қайд этилган учта тумандан лойиҳа бенефициарлари, шунингдек, ўз бизнесини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган маҳаллий иссиқхона эгалари иштирок этди. Семинар давомида иштирокчиларга маҳсулот ҳажми ва сифатини ошириш, шунингдек, тадбиркорликни муваффақиятли ривожлантириш учун зарур билим ва кўникмалар берилди. Бундан ташқари, қишлоқ аҳолиси органик ўғитлардан фойдаланиш ва пестицидлар ҳамда гербицидлардан фойдаланишни камайтиришга асосланган экологик тоза ва барқарор деҳқончилик усуллари бўйича ўқитилди.

Энди кичик бир масала қолмоқда: олинган билимларни амалда қўллаш, янги иссиқхоналардан энг юқори фойда олиш. Йил давомида янги ва сифатли маҳсулотлар чегара ҳудудлари аҳолисининг даромадларини оширишга ёрдам беради ва иқтисодий барқарорлик, тинчлик, яхши қўшничилик ва фаровонлик кафолати бўлиб, лойиҳанинг мақсад ва вазифаларига тўлиқ жавоб беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг