2023-йилнинг 18-октябр санасида Тошкент шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) «Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда «Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги шароитида ер, балиқчилик ва ўрмонларга эгалик қилишни масъулиятли бошқариш бўйича ихтиёрий кўрсатмаларни қўллаш» масалаларига бағишланган тренинг ташкил этилди. Тренингни ФАОнинг ерга эгалик қилиш бўйича халқаро маслаҳатчиси Брэдли Патерсон олиб борди.
Иштирочкиларнинг асосий қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги мутахассислари, «Узгипрозем» давлат илмий-лойиҳа институти, «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институтининг мутахассислари ҳамда давлат ўрмон хўжалиги тармоқларининг вакилларидан иборат бўлди.
2023-йилнинг 19-октябр санасида Наманган вилоятининг Поп туманида маҳаллий аҳоли, фермерлар ва ўрмон хўжалиги ҳодимлари учун тренинглар ўтказилади.
Тренинг давомида, юқорида қайд этилган йўриқномаларнинг ресурсларга эгалик қилиш тизимлари ва уни тартибга солиш масалаларини ҳал қилувчи кенг қамровли глобал ҳуқуқий ҳужжат эканлиги таъкидлаб ўтилди. Унда балиқчилик, ўрмон ва ердан масъулиятли фойдаланишда халқаро миқёсда тан олинган стандартлар ҳамда уларни назорат қилиш тамойиллари белгилаб берилган. 2012-йилда Жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги шароитида ер, балиқчилик ва ўрмон хўжалигини масъулиятли бошқариш бўйича ихтиёрий йўриқномани тасдиқлади. Ушбу йўриқнома табиий ресурсларни комплекс бошқаришни таъминловчи биринчи халқаро ҳужжат эди. Ундаги принциплар етарли озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқни изчил амалга оширишга, қашшоқликни тугатишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, шунингдек, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашишга қаратилган.
Ўтказилган тренинг глобал ҳуқуқий хужжат ҳақидаги тушунчамизни яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш бўйича амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини берди. Шунингдек, тренинг давомида Ўзбекистонда ерга эгалик қилиш тизимининг ўзига хос жиҳатлари муҳокама қилинди ҳамда Глобал Экологик Жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштирилаётган ФАОнинг «Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳаси ҳақида умумий маълумот бериб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳани амалга ошириш жараёнида Сирдарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги ўрмон хўжаликларида ўрмонларни барқарор бошқариш, ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ўрмон дарахтларининг маҳсулдорлиги ва уларнинг экологик функциясини сақлаш тамойилларини жорий этиш бўйича ҳам қатор тадбирлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш давомида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ўрмонларни барқарор бошқаришда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ўрмон хўжалигида гендер тенглигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.