БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ФАОнинг бошқа ходимлари қатори БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида бўлиб ўтган БМТ ўрмонлар бўйича форумининг 18-сессиясида иштирок этишди. Ўтказилган форумда БМТга аъзо давлатлар ФАО раислигидаги Ўрмонлар бўйича қўшма шериклик, минтақавий ташкилотлар ва бошқа манфаатдор томонлар иштирокида БМТнинг ўрмонлар бўйича 2017-2030 йилларга мўлжалланган стратегик режасини амалга оширишни муҳокама қилишди.
Форум давомида ФАОнинг ўрмон хўжалиги бўйича мутахассиси Экрем Язичи иқлим ўзгариши шароитида Оролбўйи минтақасида ўрмон, ер ва сув ресурсларини комплекс бошқариш муҳимлигини таъкидлади. Экрем Язичининг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши ва бошқа муаммоларга чидамлиликни ошириш учун сифатли сув ресурсларига эга бўлиш, ўрмонзорлар барпо этиш, ерларни тиклаш бўйича ишларни амалга ошириш ва ўрмон хўжалигига асосланган турмуш тарзини таъминлашда қўллаб-қувватлаш зарур.
ФАО форумда Ўзбекистон делегациясининг иштирокини қўллаб-қувватлади. Форум доирасида Ўзбекистон томони раислигида Жаҳон банки, ФАО, UNECE, БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси, Канада ўрмон хизмати ва Чехия ўрмон хўжалиги институти ҳамкорлигида қўшма тадбир ташкил этилди. Тадбирда БМТга аъзо давлатларнинг 100 дан ортиқ вакиллари, ўрмонларни бошқариш соҳасидаги маъмурий ва илмий доиралар, шунингдек, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, кенг кўламли ободонлаштириш акцияси, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бутун республика ҳудудида кўкаламзорлаштириш бўйича ўтказилаётган “Яшил макон” акцияси натижалари ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони мамлакат ҳудудига нисбатан 2016 йилдаги 4 фоиздан бугунги кунда 14 фоизга кенгайтирилганлиги алоҳида таъкидланди
Бундан ташқари, Жаҳон банкининг Табиий ресурслар минтақавий департаменти директори Паола Агостини Ўзбекистонда ўрмонларни тиклаш бўйича умумий қиймати 142 миллион долларлик лойиҳа тақдимотини қилди.
Якунда қўшма тадбир иштирокчилари жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг йирик тадбирларига таклиф этилди.
ФАО БМТ ўрмонлар бўйича форумининг 18-сессиясини ўтказишда муҳим рол ўйнаганини таъкидлаш лозим. ФАО форум иштирокчиларига 2025 йилги Ўрмон ресурсларини глобал баҳолашга тайёргарлик тўғрисида ахборот, БМТнинг Ўрмонлар бўйича стратегик режасининг коммуникация стратегиясини амалга ошириш тўғрисида маълумот тақдим этди, шу билан биргаликда, Ўрмонлар бўйича қўшма шерикликнинг 16 аъзоси номидан қўшма баёнот берди, шунингдек, 2024 йилдаги халқаро ўрмонлар куни мавзусини эълон қилди. Бундан ташқари, ФАО ўрмон ва энергетика ресурслари ҳамда барқарор турмуш тарзи бўйича муҳокамаларни ўтказишга ҳисса қўшди.