Учрашувда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Конституциясида миллати, дини ва тилидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги кафолатланган. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллатлар вакиллари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамиятда демократик жараёнларни чуқурлаштиришда фаол иштирок этмоқда. Қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимияти тузилмаларида мамлакатдаги барча миллат ва элатлар вакиллари фаолият кўрсатмоқда.
Мулоқотда миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик мамлакатимизни ривожлантиришнинг ўзига хос жиҳати бўлиб келаётгани, миллатлараро тотувлик ва барқарорлик Ўзбекистон Республикасида давлат сиёсати ва ижтимоий тараққиётнинг асосий мақсадларидан бири этиб белгиланган. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган бир юз қирқдан зиёд миллий маданий марказлар фуқароларнинг ўсиб бораётган миллий-маънавий эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашаётгани, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришга, мамлакатда қарор топган тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшаётгани таъкидланди.
– Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашга катта эътибор қаратилаётир, – деди Кнут Воллебек. – Мамлакатингизда барча миллат вакиллари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга экани бизни ғоят қувонтиради. Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, маданияти ва санъати, урф-одатлари ҳамда анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга қулай шароит яратишга қаратилаётган улкан эътибор диққатга сазовор. Жумладан, мамлакатингиздаги муайян мактабларда 7 тилда таълим берилиши, 10 тилда босма нашрлар чоп этилиши бизда катта таассурот қолдирди.
ЕХҲТнинг кам сонли миллатлар масалалари бўйича Олий комиссари Кнут Воллебек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам музокаралар ўтказди.