Валюта курслари 18/03/2025
$1 – 12943.39
UZS – -0.08%
€1 – 14108.30
UZS – 0.36%
₽1 – 153.70
UZS – 1.7%
Қидириш
Иқтисод 18/03/2025 Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон иқтисодиётига халқаро молиявий ресурсларни жалб этиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахабов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари, жумладан, ЕТТБ бош банкири Б.Худайназаров билан учрашув ўтказди.

Учрашувда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш, стратегик тармоқларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-саноат палатаси қошида ташкил этилаётган Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу Марказ халқаро молиявий ресурсларни жалб қилишнинг муҳим воситасига айланади.

Мулоқот доирасида тўқимачилик саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш, жумладан, қайта ишлаш қувватларини ривожлантириш, ускуналарни модернизация қилиш ва инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тўхтаб қолган фабрикаларни тиклаш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва техник модернизация дастурларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, томонлар тадбиркорликни молиялаштириш усулларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди. Жумладан, экспортолди молиялаштириш (факторинг), тўқимачилик зоналарини ривожлантириш ва “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, ЕТТБдан тўғридан-тўғри молиялаштириш олиш учун маҳаллий корхоналарга қўйиладиган талаблар муҳокама қилинди. Улар орасида молиявий шаффофлик, аниқ бизнес-режа, самарали корпоратив бошқарув, экспорт салоҳияти ва халқаро экологик стандартларга риоя қилиш каби мезонлар борлиги таъкидланди.

Учрашув конструктив руҳда ўтиб, томонлар келгуси ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг