Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Дунё 01/11/2016 Европа парламeнтида Ўзбeкистоннинг замонавий ривожланиши намойиши
Европа парламeнтида Ўзбeкистоннинг замонавий ривожланиши намойиши
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Брюсселда Европа парламентнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар делегациясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Европарламент депутатлари, сиёсий фракциялар ва ушбу тизимнинг тегишли қўмиталари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилиш чоғида Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи ҳузуридаги дипломатик миссияси томонидан мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида барча соҳаларда эришган муваффақиятлари ва замонавий ривожланишига бағишланган тақдимоти ўтказилди. Тадбирда мамлакатимиз янгиланишнинг ўзига хос йўлини танлагани - Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “ўзбек модели”нинг муваффақиятли амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Унинг асосида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар бозор муносабатларига асосланган кучли давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишга ҳамда аҳолининг муносиб турмуш тарзини яратишга йўналтирилди.

Европарламент вакилларининг эътибори Ўзбекистонда кейинги йилларда сайлов қонунчилиги соҳасида сайловларнинг тенглик, транспарентлик руҳида, мамлакат қонунларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва принципларига тўла амал қилинган ҳолда туб ислоҳотлар амалга оширилганига қаратилди. Ўтган давр ичида мамлакатда фуқаролар ва сиёсий партияларнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг ҳал этилиши ва жамият қурилишида эркин, фаол иштирок этишлари учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник шароитлар яратилди.

Шу муносабат билан, буларнинг барчаси инсоннинг ҳуқуқ, эркинлик ва манфаатлари, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилган демократик янгиланишлар ва ислоҳотларнинг ёрқин ифодаси эканлиги таъкидланди.

Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) раҳбарияти томонидан муҳим сиёсий тадбир - жорий йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган изчил ва кенг кўламли тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар ушбу юксак мартабага сиёсий партиялар томонидан илгари сурилган номзодлар, очиқ ва холис овоз бериш учун яратилган шароитлар, шу жумладан 300 дан зиёд халқаро кузатувчилар таклиф этилганлиги ҳақидаги ахборотлар билан таништирилди.

Тақдимот Европа парламенти вакилларида катта қизиқиш уйғотди ва улар Ўзбекистонда сайлов жараёнини такомиллаштириш, конституциявий мақомига эга мустақил Марказий сайлов комиссияси ҳақ-ҳуқуқларини кучайтириш ва унинг ваколатларини кенгайтириш соҳаларида олиб борилган ислоҳотларнинг муҳим эканини қайд этишди.

Фикр алмашинув доирасида йиғилганлар мамлакатимизда сайлов жараёнини демократлаштириш барча фуқаролар ва сиёсий партияларга сайловда иштирок этишлари учун бирдек шароитни кафолатлайдиган умумқабул қилинган демократик қадриятларга мос келишини таъкидладилар.

Европарламентнинг Бельгиядан сайланган депутати Марк Тарабелла жумладан қуйидаги мулоҳазаларни билдирди:

- Европа парламенти Ўзбекистонда амалга оширилган мамлакат аҳолисининг фаровонлигини ошириш ва ҳуқуқий давлатнинг принципларини имплементатсия қилишга йўналтирилган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолайди. Мамлакатда парламентнинг ролини унга парламент текширувини ўтказиш имкониятини бериш йўли билан ошириш борасида қабул қилинган тадбирлар Ўзбекистоннинг демократик давлатни шакллантиришга содиқлигининг ишончли далили ҳисобланади. Мустақиллик йилларида мамлакатингизда фуқаролик жамияти институтларини янада мустаҳкамлаш бўйича бир қатор самарали чора-тадбирлар қабул қилинди. Хусусан, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, фуқаролар сиёсий сиёсий онгини юксалтириш, ёшлар ва аёллар билан ишлаш, иш билан таъминлашга кўмаклашиш борасидаги уларнинг роли сезиларли даражада ошди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида давлатнинг устувор йўналишларидан бири Халқаро меҳнат ташкилоти доирасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш этиб белгиланган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам механизмларини яратиш, шунингдек, миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича халқаро конвенцияларга мос равишда такомиллаштириш борасида дастурлар амалга оширилмоқда.

Белгиялик яна бир депутат Хулга Стивенс хоним Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг реал даромадларини ошириш, таълим, спорт ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш ҳамда сифатини ошириш борасида қабул қилинган чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

- Мамлакатда қабул қилинган “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳожатманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонун эътиборга сазовордир. Мен ушбу ҳужжат нафақат аҳолининг кам таъминланган қатлами манфаатлари кафолатлатини мустаҳкамлайди, балки уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш сифатини оширишга йўналтирилган, шунингдек, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ролини ҳам оширади, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон терма жамоасининг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХВ Паралимпиада ўйинларидаги муваффақиятлари таҳцинга лойиқ ва мамлакатда аҳолининг имконияти чекланган қатлами ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг тўлақонли турмуш кечиришлари ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки учун зарур бўлган қулай шароит яратиш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг яққол натижасидир.

Шу муносабат билан мен аҳолининг ногиронлар муаммолари ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда нуфузли иш берувчилар эътиборини уларнинг меҳнат салоҳиятлари ва имкониятларига жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблайман.

Фикр алмашинув якунларига кўра, иштирокчилар бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайлови, шубҳасиз, демократик ислоҳотларнинг амалга оширилиши йўлидаги муҳим босқич бўлади, келгуси ижобий янгиланишлар эса халқаро майдонда мамлакат нуфузининг янада ошишига хизмат қилади, деган ягона хулосани баён этдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг