Валюта курслари 12/03/2025
$1 – 12931.94
UZS – -0.06%
€1 – 14107.45
UZS – 0.37%
₽1 – 150.18
UZS – 3.13%
Қидириш
Ўзбекистон 11/03/2025 Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ўзбекистонга ташриф буюради

Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ўзбекистонга ташриф буюради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 12–18 март кунлари Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити олдидан минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда иш ўринларини яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишни кучайтиришга йўналтирилган Европа Иттифоқининг инвестицион стратегияси – ““Global Gateway” (“Global Darvoza”) ташаббусини кенгайтириш мақсадида Марказий Осиёнинг беш мамлакатига ташриф буюради.

Комиссар Сикела шундай деди: “Марказий Осиё Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиб, бизнинг ҳамкорлигимиз келажакда катта салоҳиятга эга. Бугунги глобал муаммолар мустаҳкам ҳамкорлик зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди ва мен ушбу сафар давомида айнан шуни кучайтиришга интиламан. Менинг мақсадим Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлари билан биргаликда амалга оширилаётган Global Gateway лойиҳаларига эътибор қаратишдир. Ушбу лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш, бизнес имкониятларини кенгайтириш ва таълимдан тортиб замонавий инфратузилмага қадар муҳим хизматларни яхшилашга ёрдам беради.”

Комиссарнинг ташрифи давомида Марказий Осиёда Global Darvoza стратегиясининг асосий йўналишларига эътибор қаратилади: 

Транспорт – Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш орқали юк ва йўловчилар ташиш вақтини қисқартириш ҳамда савдо даражасини ошириш; 

Муҳим хом ашё – илғор тажрибаларни татбиқ этиш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий барқарорликни ошириш; 

Рақамли алоқалар – рақамли тафовутни камайтириш ва юқори тезликдаги интернетга хавфсиз киришни кенгайтириш; 

Сув, энергетика ва иқлим – мустаҳкам инфратузилма барпо этиш, арзон ва экологик тоза энергия манбалари таъминотини кенгайтириш.

Ташрифи давомида Комиссар ушбу тўрт асосий йўналишга оид бир қатор шартномалар имзолайди.

Комиссар ўз ташрифини Туркманистондан бошлайди, у ерда ҳукумат раҳбарлари ва хусусий сектор вакиллари билан учрашади ҳамда Транскаспий транспорт йўлагининг стратегик нуқталаридан бири бўлган Туркманбоши портига ташриф буюради.

Қозоғистонда юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан учрашувлар, транспорт ва муҳим хом ашё соҳаларидаги икки томонлама ва минтақавий келишувларни имзолаш маросими, шунингдек, Европа Иттифоқи ва қозоғистонлик бизнес вакиллари билан мулоқот режалаштирилган.

Тожикистонда комиссар ҳукумат вакиллари билан учрашади. Шундан сўнг яшил энергия ўтиш жараёни ҳамда маҳаллий пахта саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим лойиҳалар бўйича келишувларни имзолаш маросимида иштирок этади. Кейинги куни Роғун ГEСига ташриф буюриб, уни келажакда қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқади.

Қирғизистонда ҳукумат вакиллари билан учрашув ўтказади ва сув, энергетика, транспорт ҳамда инсон капиталини ривожлантиришга оид лойиҳалар бўйича шартномалар имзолайди. Комиссар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан инвестиция имкониятларини муҳокама қилади. Кун тартибида Камбарота-1 ГEСини қуриш бўйича потенциал қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам бор. Бундан ташқари, Ёшлар вакиллари ва БМТ билан учрашув ўтказилади.

Коммисарнинг ташрифи Ўзбекистонда якунланади. Бу ерда Комиссар юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан учрашиб, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатига ташриф буюради ҳамда ўзбекистонлик ва европалик бизнес вакиллари билан мулоқот қилади. Кейинги куни рақамли алоқалар соҳасида минтақавий лойиҳалар бўйича келишувларни имзолаш маросимида иштирок этади.

Ушбу ташриф “Team Europe” Европа Жамоаси тамойилига асосланиб ўтказилади: Европа Иттифоқи молиявий институтлари, Европа инвестиция банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа Иттифоқи хусусий сектори ва минтақада фаолият юритаётган аъзо давлатлар ҳам ушбу ташрифнинг турли қисмларида иштирок этадилар. Апрель ойи бошида ўтадиган дастлабки Европа Иттифоқи - Марказий Осиё саммити ва июнь ойига режалаштирилган Global Gateway форуми ушбу ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг