ЕTTБ UzCarlsberg компаниясига айланма капитални тўлдириш учун кредит ажратди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕTTБ) Carlsberg Group таркибига кирувчи UzCarlsberg компаниясига **айланма капитални тўлдириш мақсадида 6 миллион АҚШ долларига (5,7 миллион евро)ча миқдорда кредит ажратди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маблағлар ингредиентлар, қадоқлаш материаллари хариди ва мавсумий товар захираларини бошқаришга йўналтирилади. Бу эса компаниянинг операцион самарадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларини юксалтиришга ҳисса қўшади. Шунингдек, мазкур кредит ёз ойларида маҳсулотга бўлган талаб ортиши шароитида компанияга қўшимча маневр қилиш имкониятини беради.
2022 йилдан буён UzCarlsberg ЕTTБ мижози ҳисобланади ва мамлакатда халқаро брендлар остида пиво ишлаб чиқараётган ягона компания ҳисобланади.
Лойиҳа Япония — ЕTTБ ҳамкорлик жамғармаси кўмагида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон сўнгги беш йил давомида Марказий Осиёда ЕTTБ маблағларини энг кўп жалб қилаётган мамлакат бўлиб турибди. Бугунги кунга қадар банк мамлакатда 174 та лойиҳа доирасида 5,5 миллиард евродан ортиқ маблағ инвестиция қилган, асосий эътибор эса хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган.