Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Фариддин Насриев 31 гектар майдонда жойлашган Эроннинг йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари логистика маркази ва экспорт терминали «Romak Co.»га ташриф буюрди.
Марказ цитрус меваларини сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, ҳар йили 4 миллион тонна маҳсулотни қайта ишлайди. У Ироқ, БАА, Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилади.
Учрашув давомида марказ директори Ризо Ганджи билан Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш салоҳияти ҳақида маълумот тақдим этди. Инвестициявий ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистонда замонавий логистика маркази яратиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Эрон томони цитрус меваларини етиштириш ва сақлашдан тортиб, уларни қадоқлаш ва экспортга тайёрлашгача бўлган барча босқичларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Бу келишув Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сектори ривожи ва экспорт бозорларини кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.