Эрон АҚШ зарбаларига жавобан Ҳурмуз буғозини ёпиши мумкин
Cурат: Pexels / İrfan Simsar
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Эрон расмийлари дунё нефть ташувининг энг муҳим йўлакларидан бири бўлган Ҳурмуз буғозини тўлиқ ёпиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (КСИР) денгиз кучлари қўмондони, контр-адмирал Алиреза Тангсири маълум қилди. Унинг таъкидлашича, буғоз 23 июннинг ўзида, бир неча соат ичидаёқ ёпилиши мумкин.
Бу таҳдид АҚШ томонидан Эроннинг стратегик ядровий объектларига амалга оширилган ҳаво зарбаларидан сўнг янгради. КСИР вакили қайд этдики, агар мамлакат суверенитетига ҳужумлар давом этса, Эрон “буғозни тўлиқ ёпишга мажбур бўлади”.
Айтолла Али Хаменеининг маслаҳатчиси Ҳусайн Шариатмадари ўз навбатида АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Франция кемалари учун Ҳурмуз буғозини дарҳол ёпишга чақирди.
Эрон парламенти ҳам АҚШ қўшинлари томонидан ядровий объектларга берилган зарбалардан сўнг буғозни ёпиш зарур деб ҳисобламоқда. Якуний қарорни мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши қабул қилиши керак.
Халқаро навигация хизматлари маълумотларига кўра, АҚШ ҳаво зарбаларидан сўнг 50 дан ортиқ денгиз кемаси Ҳурмуз буғози акваториясини шошилинч тарк этган — вазият кескинлашувидан қўрқиб.
Ҳурмуз буғози — стратегик аҳамиятга эга бўлиб, Форс ва Уммон денгизларини боғлайди. У орқали ҳар куни дунёда ишлаб чиқариладиган нефтьнинг тахминан 3 фоизи ва Форс кўрфазидан экспорт қилинадиган нефтьнинг 90 фоизидан ортиғи ўтади. Бу давлатлар — Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Ироқ, Эрон ва Баҳрайн учун ҳаётий аҳамиятга эга.
Мутахассислар фикрича, ҳатто Ҳурмуз буғозида танкерлар ҳаракатининг қисман чекланиши ҳам жаҳон нефть нархининг 110–130 долларгача кўтарилишига олиб келиши мумкин.
Vortexa тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, Ҳурмуз буғози орқали энг кўп нефть экспорт қилувчи давлат — Саудия Арабистони бўлиб, бу кўрсаткич кунига 6 миллион баррелга етади. Бошқа йирик истеъмолчилар қаторида — Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ бор. АҚШ бу йўналиш орқали ҳар куни тахминан 700 минг баррел нефть олади, бу уларнинг умумий импорт ҳажмининг 11 фоизига ва бензин истеъмоли ҳажмининг 3 фоизига тенг.
Транспорт блокадаси эҳтимоли фонида Туркия аллақачон альтернатив йўналишларни амалга ошира бошлади. Мамлакат транспорт вазири Абдулқодир Уралоғлу “Ўрта йўлак” ва “Ривожланиш йўли” лойиҳалари ҳақида эслатиб ўтди. Ушбу йўналишлар орқали юкларни Ҳурмуз буғозини четлаб ўтиб Европага етказиш мумкин.
Дастлабки баҳоларга кўра, “Ривожланиш йўли” лойиҳаси тўлиқ ишга тушгандан сўнг юкларни етказиш муддати 25 кунгача, “Ўрта йўлак” орқали эса 13 кунгача қисқаради. Бу эса логистикадаги хатарлар ва денгиз ташувларига бўлган юкламани сезиларли камайтиради.