Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ахбороти.
Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 3660,5 млн. долларга тенг (улардан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 1544 млн. доллар) 629 та лойиҳа маъқулланган. Мазкур лойиҳаларнинг 158 таси ҳаётга татбиқ этилган, 431 таси амалга оширилмоқда, яна 40 таси эса истиқболли лойиҳадир. Хусусан, ўтган давр мобайнида маъмурий кенгашлар томонидан маъқулланган умумий қиймати 1045,5 млн. долларга тенг 158 та лойиҳа амалга оширилган ва бунинг натижасида 9746 та янги иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, фаолиятини бошлаган корхоналар томонидан жами 4,9 трлн. сўмлик ишлаб чиқариш ҳажмига эришилди ва 197 турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Лойиҳалар доирасида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлган енгил саноат, кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, электр техникаси буюмлари, замонавий қурилиш материаллари, мебель ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхоналар томонидан жами 194 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Айни пайтда умумий қиймати 721 млн. долларлик 40 та истиқболли лойиҳа бўйича ҳудудий маъмурий кенгашлар томонидан эркин иқтисодий зоналар иштирокчиси мақомини олиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Манбаа: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати