Эришилган иқтисодий кўрсаткичлар ва келгуси прогнозлар муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида жорий йилнинг 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар, йил якунигача кутилаётган кўрсаткичлар ва 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 9 ойида мамлакатимиз иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсди. Жумладан, саноат 5,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз, хизматлар 12,1 фоизга ошди.
Жаҳон бозорлари ва логистикадаги мураккабликларга қарамай, экспорт 23,5 фоизга ошиб, 17,7 миллиард долларни ташкил қилди.
Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларда йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳисобига, 226,6 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпайди.
Йиғилишда жорий йил якунигача кутилаётган кўрсаткичлар таҳлил қилинди.
Давлатимиз раҳбари дунёдаги оғир вазият иқтисодиётга салбий таъсир этаётгани ва номаълумлигича қолаётгани, шу боис барқарор иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш учун ички имкониятларни кўпроқ ишга солиш зарурлигини таъкидлади.
Айнан шунинг учун 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Бунинг эвазига тадбиркорлар ихтиёрида 7 триллион сўм қўшимча маблағ қолди.
Шунингдек, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга 35 триллион сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 19 триллион сўм йўналтирилди.
Шуларнинг натижасида, жорий йилда нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан глобал иқтисодиёт 3 фоиз ўсиши прогноз қилинаётган пайтда, миллий иқтисодиётимиз камида 5,6 фоизга ошиши кутилмоқда.
Йиғилишда 2024 йилда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, жорий йил сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўплаб мақсад ва вазифалар белгиланди. Ҳукуматга 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни мазкур стратегиядаги вазифаларни бажариш нуқтаи назаридан пухта ишлаб чиқиш топширилди.
Бунда ялпи ички маҳсулотнинг ҳозирги ўсиш суръатини келгуси йилда ҳам давом эттириш учун барча имконият ва захиралар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, 2024 йилда 13 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш, энергия таъминотини барқарорлаштириш, тармоқлар самарадорлиги ошириш ҳисобига саноатда 6 фоиз ўсиш имконияти бор.
Хизматлар соҳасида 15 фоиз ўсишни таъминлаш учун транспорт, логистика, агро-хизматлар, суғурта, лизинг каби йўналишлардаги фойдаланилмаётган имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари транспорт, сув хўжалиги, коммунал каби соҳаларда бошланган ислоҳотларни фаоллаштириш, бунда аҳоли ва бизнесни қўллаб-қуватлашга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.