Ер ресурслари иқтисодиётнинг драйвери ҳамда камбағалликни қисқартиришда асосий восита сифатида муҳим аҳамиятга эга. Бунда ердан фойдаланишни оқилона ва самарали ташкил этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибасидан қайси жиҳатларни олиш мумкин?
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари шу мақсадда ер ресурсларини тартибга солиш ва хусусийлаштириш бўйича хориж тажрибасини ўрганди.
Ривожланган мамлакатларда ер ресурсларини мувофиқлаштириш ва хусусийлаштиришда ердан фойдаланиш ва ерга мулк сифатида эгалик қилишга оид ҳуқуқлар қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган.
Масалан, Германияда ерни сотиб олиш ҳуқуқи ўша ҳудудда яшайдиган ва 10 йилдан бери ижарачи бўлиб ишлайдиганларга берилади.
Испанияда ерни ижарага бериш тартибига кўра, 50 гектардан ортиқ суғориладиган ер майдони ёки минг гектардан ортиқ яйловни ижарага олишга йўл қўйилмайди.
Дунёнинг деярли барча мамлакатларида ер ресурсларини хусусийлаштириш жараёни етарли даражадаги давлат назорати остида амалга оширилади. Масалан, АҚШ ва Ирландияда йил давомида бор-йўғи 3 фоиз ер мулк сифатида алмашинилади. Бу кўрсаткич Буюк Британия, Франция ва Италияда 2 фоизни, Германияда эса 1,5 фоизни ташкил қилади.
Кўп ҳоллларда ер ресурслари фойдаланувчиларга узоқ муддатли ижара асосида берилади. Масалан, АҚШ ва Германияда ерларнинг 42 фоизи, Янги Зеландияда 40 фоизи, Британия ва Канадада 39 фоизи, Белгияда 66 фоизи, Францияда 56 фоизи, Нидерландияда 32 фоизи, Португалияда 25 фоизи, Японияда 15 фоизи узоқ муддатга ижарага берилган. Ернинг ижара нархлари ва тўловлар аукцион-биржа ёки арбитраж орқали аниқланади.
ХХ асрнинг ўрталарида АҚШда ерга хусусий мулкчилик шаклларига оид қонун қабул қилинди. Натижада шартсиз ва умрбод эрга эгалик қилувчи мулкдорлар ҳамда оилавий ер мулки (homesteads) эгалари вужудга келди. Булар эса АҚШда ер ижараси кенг тарқалишига ва ер капитал бозори ҳамда ер банклари каби молия институтларининг ривожланишига олиб келди. АҚШдаги ер ислоҳотлари фермерларнинг ривожланиши билан бирга молия бозорининг капитализацияси ошишига хизмат қилди.
Ҳиндистонда янги ер ислоҳотлари натижасида қишлоқ хўжалиги ерларининг 85 фоизи камбағал аҳолига ижара шаклида берилди ҳамда субсиядия ва грант шаклида мулк сифатида сотилди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 4-5 баравар ортди ҳамда камбағал аҳолининг тўлов қобилияти кўтарилди.
Хитойда амалга оширилган ер ислоҳотлари натижасида 90 млн. гектар ер қишлоқ аҳолисига ижарага берилди. Натижада камбағал қишлоқ аҳолисининг 90 фоизи иш ўрнига эга бўлди. Ушбу кичик ер эгаларининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативларига бирлашиши уларни иқтисодий фаолият драйверига айлантирди. Оқилона ер ислоҳотлари натижасида Хитой ғалла экспорт қилувчи давлатга айланди.
Таҳлиллар аксарият мамлакатларда ер бозори кучли назорат қилинишини кўрсатди. Бунда давлат ҳокимияти ерни бир тоифадан иккинчи тоифага ўтказиш, сотиш учун рухсатномалар бериш, экологик ҳолатини назорат қилиш, хусусан, ер эрозиясини, деградациясини ва чўлланишининг олдини олиш ваколатларини ўзида сақлаб қолди.
Демак, ер ресурсларини тартибга солиш ва хусусийлаштиришда ер турлари ва тоифаларидан келиб чиқиб, ерга мулк сифатида эгалик қилиш ҳуқуқи ҳамда ердан фойдаланиш ҳуқуқларини (ижара шаклда) қонунчиликда аниқ ва равшан белгилаш тавсия қилинади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ерни ижарага беришда ўша ҳудудда истиқомат қилаётганлик ёки маҳаллий аҳоли учун янги иш ўрнини яратаётганлик омилларига эътибор бериш мақсадга мувофиқ.