Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 13/07/2022 Ер ислоҳотлари муваффақияти нимага боғлиқ?
Ер ислоҳотлари муваффақияти нимага боғлиқ?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари ер ислоҳотларини ўтказиш бўйича жаҳон тажрибаси, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиб чиқди.

Осиё мамлакатлари орасида Япония, Жанубий Корея ва Хитой қишлоқ хўжалиги ерларини қайта тақсимлаш ва ерга эгалик ҳуқуқини ўрнатишда катта муваффақиятга эришган. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда бу мамлакатларда ерларни қайта тақсимлаш билан боғлиқ бир қатор дастурлар амалга оширилган ва уларга барча қишлоқ меҳнаткашлари жалб қилинган. Фермер оилаларига деҳқончилик қилиш учун тенг миқдорда ер ажратилган.

Бунда ўғит ва уруғлик етказиб беришни тартибга солиш, суғориш тизимларини барпо этиш, қишлоқ хўжалиги бўйича таълим дастурларини амалга ошириш ва бошқа бир қатор йўналишларда давлат томонидан кўрсатилган ёрдам ҳам муҳим рол ўйнади.

Натижада ушбу мамлакатларда экинлар ҳосилдорлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми кескин ошди. Ўсиб бораётган аҳоли учун янги иш ўринлари яратилди ва шу билан бирга озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланди. Бундан ташқари, маҳсулотлар экспорт қилина бошланди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ушбу мамлакатларни янада саноатлаштиришга кучли туртки берди.

МДҲ мамлакатларида ер ислоҳотларининг асосий босқичи 1990-йиллардан кейинги даврга тўғри келди. Бу ислоҳотлар давлат ва жамоа хўжаликларидан хусусий ер эгалигига ўтишга қаратилганди. Ерга бўлган муносабатларни ислоҳ қилишга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистонда ерга бўлган муносабатлардаги сезиларли ўзгариш 2017-йилдан кейин бошланди. 2019-йилдан ерга (қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган) хусусий мулкчилик жорий этилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ерга бўлган муносабатларга тааллуқлу бир қатор ваколатлари бекор қилинди. Ердан фойдаланиш соҳасини рақамлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бу эса ошкораликни таъминлайди.

Жорий йилнинг июнь ойи охирида махсус қонун билан ер участкаларини олиб қўйиш тартиби, олиб қўйиш учун асосларнинг аниқ рўйхати, товон ундириш тартиби тасдиқланди ва олиб қўйиш жараёнининг ўзи қийинлашди. Бу ерга эгалик ҳуқуқининг қўшимча кафолатларини яратади.

ПМТИ экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқот чоғида муваффақиятли бошланган кенг кўламли ер ислоҳотларини самарали амалга ошириш учун қуйидагилар зарурлиги аниқланди:

-қабул қилинган барча қонун ҳужжатларининг сифатли бажарилишини таъминлаш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш;

-ерга бўлган муносабатлар соҳасида рақобат муҳитини ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда биржа савдолари ва аукционлар борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар пакетини такомиллаштириш;

-кўп хонадонли турар жой биноларига туташ ҳудудларнинг ерларидан фойдаланиш ҳуқуқини қонунчилик даражасида ишлаб чиқиш;

-жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва амалга оширилаётган ўзгаришларни кенг муҳокама қилиш.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг